Хусусий сармоянинг кириб келиши – олий таълимимиздаги энг катта ютуқларимиздан бири. 2016 йилда бошланган бозор муносабатлари борасидаги ислоҳотлар учун олий таълим қулай соҳа бўлди. Сабаби оддий: йилдан йилга ўсиб борган талабга қарамасдан, давлат университетларида ўрнатилган қабул квотаси жамиятда миллионлаб ўқимаганлар “бозори”ни пайдо қилди. Рақамлар: 2023 йилда давлат университетларига ҳужжат топширган абитуриентлар сони 986 мингдан ошган бўлса-да, уларга ажратилган қабул квотаси 381 мингтани ташкил қилган.

Олий таълим қамровини ошириш учун хусусий университетларга нафақат кундузги, балки сиртқи таълимни ташкил қилишга рухсат берилиши бу бозорни бизнес учун жуда жозибали қилиб юборди. Муқобил таклифи бўлмаган ёшларга билим бериб, жамиятда ижобий ўзгариш қилиш каби хайрли иш асосига бизнес қуриш ва бу орқали даромад топиш ҳар бир тадбиркорнинг орзуси бўлса ажабмас. Шу сабабли ҳам, таклифга мутаносиб равишда хусусий университетлар сони сўнгги 6 йил ичида 85 тадан ошиб кетди.

Хусусий олий таълим бозори

Фикримча, муаммога киришдан олдин олий таълим бозорининг умумий кўриниши ва ундаги иштирокчиларга тўхталиб ўтиш лозим.

Яқин йилларгача Ўзбекистоннинг олий таълими иккита асосий ўйинчининг ҳукмронлиги остида бўлган: давлат университетлари ва кам сонли халқаро университетлар филиаллари. Эски қолипдан эндигина қутулишни бошлаган давлат университетлари йиллар давомида замон талабига мос келмайдиган дарсликлар, малакали мутахассислар тақчиллиги ва эркин тадқиқот қилишга қўйилган тўсиқлар гирдобида қолиб кетгани кўп баҳс қилинган.

Бошқа тарафдан, 2000-йиллар бошларидан бозорга янги кадрлар тайёрлаш зарурати билан халқаро стандартлар асосида таълим берувчи чет эл университетларининг филиаллари кириб кела бошлади