13:00 / 16.08.2018
26028

Марказий Осиёда чегараларни делимитация ва демаркация қилишдаги асосий муаммолар

Ўзбекистон Республикасининг алоҳида топшириқлар бўйича элчиси, ташқи сиёсатда Марказий Осиё масалалари бўйича куратор Илҳом Неъматов «Халқ сўзи. Онлине» нашрида эълон қилинган мақоласида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан чегараларни делимитация ва демаркация қилиш борасида кейинги икки йилда олиб борилган ишларни баён қилган.

«2016 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги устувор йўналиши сифатида Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш сифатида белгиланганди. Бу қўшни давлатлар билан давлат чегаралари бўйича музокараларни фаоллаштиришга қаратилган муҳим қадам эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан ўрта муддатли истиқболда асосий хорижий шериклар билан Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Давлат чегарасини халқаро ҳуқуқий расмийлаштириш жараёнини тезлаштириш масаласи Ҳаракатлар стратегияси дастуридан ҳам ўрин олган.

Маълумки, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан чегарадош ҳисобланиб, чегараларнинг умумий узунлиги 7 минг километрдан кўпроқни ташкил этади. Хусусан, Ўзбекистон Қозоғистон билан 2356,31 км, Қирғизистон билан – 1476,12 км, Тожикистон билан – 1296,9 км, Туркманистон билан – 1831,49 км ва Афғонистон билан – 143 км узунликдаги чегараларга эга ҳисобланади.

Ўзбекистон қўшни давлатлар билан чегараларни делимитация ва демаркация қилиш бўйича муттасил тарзда музокаралар ўтказиб келмоқда. 2016 йил августидан 2018 йил августигача Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг қўшни давлатлар ҳукуматлари делегациялари билан 65 учрашуви ўтказилди. Жумладан, Қозоғистон билан 18, Қирғизистон билан 28, Тожикистон билан 9, Туркманистон билан 9 ва Афғонистон билан бир марта.

Чегаралардаги муаммоларни ҳал қилиш борасидаги асосий натижалар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5 сентябрида Қирғизистон республикасига ва 2018 йил 9 мартида Тожикистон республикасига ташрифи вақтида имзоланган келишувлар бўлди.

Самарқанд шаҳрида 2017 йил 10-11 ноябрь кунлари БМТ шафелигида бўлиб ўтган Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзуида халқаро конференцияда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон ўртасидаги баҳсли нуқталар бўйича келишувга эришилди.

Қозоғистон билан давлат чегараси делимитацияси бўйича келишувга эришиб бўлинган, эндиликда давлат чегаралари демаркацияси бўйича зарур ҳужжатларни тайёрлаш учун музокаралар кетмоқда.

Туркманистон билан давлат чегараси бўйича келишув 2000 йилда Ашхободда имзоланган. 2017 йил мартида икки давлат раҳбарлари учрашувидаги келишувга кўра чегара масалалари бўйича ишчи гуруҳларнинг музокаралари яна тикланди.

Афғонистон билан 2018 йил февралида ўтказилган учрашув давомида Амударё қирғоқлари бўйлаб чегарани мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Қирғизистон ва Тожикистон билан чегара масаласида эришилган келишувлар мамлакатимизнинг иқтисодий имкониятларини оширди, товар айланмаси ҳажми ўсишига олиб келди, энг муҳими чегара ҳудудида яшовчи фуқароларнинг чегаралардан ўтишда эркин ҳаракатланишига имкон яратди.

Эндиликда Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидан кунига 30 мингга яқин киши, Тожикистон билан чегарадан эса кунига 20 мингга яқин киши ўтмоқда.

Қўшни мамлакатларга ишчи сафарларимиз давомида ҳам биз ушбу давлатларнинг мансабдор шахслари ва оддий аҳолиси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга қўшни давлатлар билан очиқ ва хайрихоҳ сиёсати учун самимий миннатдорчилик билдиришларига гувоҳ бўламиз», дейилган мақолада.

Мақолада Марказий Осиёда чегаралари делимитация ва демаркация қилишдаги асосий муаммолар келтирилган.

«Биринчи ва асосий муаммо — легитим асоснинг, яъни Марказий Осиёнинг қарийб барча мамлакатлари билан давлат чегараларини делимитация қилиш учун барча тасдиқлаш тартиб-таомилларидан ўтган ҳуқуқий асоснинг йўқлигидир.

Иккинчи муаммо — 1924-1927 йилларда, яъни Марказий Осиё давлатларини ҳудудий-чегаралаш ишлари амалга оширилган йиллардаги ҳамда 1930 йилда ва ундан кейин қабул қилинган ҳужжатлардаги қарама-қаршиликлардир.

Учинчи муаммо — хариталарда акс эттирилган чегара линиялари амалиётда ерлардан, ирригация тармоқларидан фойдаланиш, инфратузилма иншоотлари, уй хўжаликлари ва қабристонлар жойлашувида умуман мос келмайди.

Баъзан оммавий ахборот воситаларида ерларни алмашиш, айрим участкаларда чегараларни белгилаш ҳамда анклав масалаларида унчалик ҳам тўғри бўлмаган ахборотлар тарқатилади. Шу сабабли, нотўғри талқинларнинг олдини олиш мақсадида чегараларни ҳуқуқий расмийлаштиришнинг барча тартиб-таомиллари охиригача етказилгунча ушбу масалаларда барвақт хулоса чиқаришдан тийилиш мақсадга мувофиқ саналади.

Чегараларни ҳуқуқий расмийлаштириш икки босқичдан иборат. Биринчи босқичда делимитация ишлари, яъни чегараларни харитада акс эттириш ишлари бажарилади. Иккинчи босқичда эса демаркация, яъни столбаларни ўрнатиш ва бошқа қурилиш ишларини бажариш билан боғлиқ жисмоний ишлар амалга оширилади.

Ишчи гуруҳ музокаралари якунлари бўйича имзоланадиган баённома аввал тарафлар ҳукуматлар томонидан  тасдиқланади, сўнг давлат раҳбарлари даражасида Давлат чегараси тўғрисидаги шартнома имзоланади. Сўнг бу ҳужжат ратификация қилинади ҳамда ратификация ёрлиқлари алмашинади. Бу жуда оғир ва узоқ давом этадиган жараёндир», деган Илҳом Неъматов.

Бироз аввалроқ ОАВда Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарада ер алмашгани ҳақида хабар тарқалганди. 

Хабарларда айтилишича, келишувга кўра, Қирғизистон Ўзбекистонга «Барак» эксклавини беради, Ўзбекистон эса Қирғизистоннинг Ўш вилояти, Қорасув туманидаги Оқ-Тош қишлоғига чегарадош бўлган ҳудуддан ушбу эксклавга тенг майдонни ажратиб беради.

Чегарани демаркация ва делимитация қилиш давлатлараро комиссиянинг сўнгги учрашуви 1-7 август кунлари Фарғона вилоятида бўлиб ўтган эди. Комиссия кун тартибида ҳали яна иккита анклав масаласини кўриб чиқиш турибди: Шоҳимардон ва Ғазнов.

Top