18:01 / 25.08.2018
7775

Хўжалик юритувчи субъектларга импорт қилинган дондан олинган унни экспорт қилишга рухсат берилди

Фото: dg-yug.ru

Вазирлар Маҳкамасининг “Донни қайта ишловчи корхоналарни қўшимча равишда қўллаб-қувватлаш ва уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан хўжалик юритувчи субъектларга, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ўзлари импорт қилган донни қайта ишлаш орқали ишлаб чиқарилган унни экспорт қилишига рухсат берилди.

Бунда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан экспорт қилинадиган ун миқдори улар томонидан импорт қилинган дон миқдорининг 75 фоизидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Белгилаб қўйилишича: 

2018 йилнинг 1 сентябридан бошлаб донни қайта ишловчи корхоналарнинг маҳсулотлари учун қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ солинадиган айланма тушум ҳажмидан дон қийматини чиқариб ташлаб ҳисоблаш тартиби жорий этилади;

2019 йилнинг 1 январига қадар донни қайта ишловчи корхоналар дон, ун ва нонни сотишда давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод этилади;

2020 йилнинг 1 январига қадар Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган қатор дон маҳсулотлари божхона тўловларини (божхона йиғимлари бундан мустасно) тўлашдан озод этилади.

Белгилаб қўйилишича, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси экспорт шартномаларини ҳисобга қўйишда ушбу қарорнинг 1-бандида кўрсатилган шартларнинг хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилиши назорат қилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги ва «Ўздонмаҳсулот»АК билан биргаликда икки ҳафта муддатда «Ўздонмаҳсулот» АК тизимидаги корхоналарни ҳамда нон ишлаб чиқарувчиларни молиявий соғломлаштириш ва уларнинг рентабеллигини таъминлаш мақсадида ун ва нон нархини шакллантириш тартибини такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Top