11:20 / 31.08.2018
40710

Осиё ўйинларида бокс бўйича ярим финал жанглари. Ўзбекистонликларнинг имкониятлари қандай?

Ўзбекистон бокс мактаби нафақат Осиё миқёсида, балки жаҳонда ҳам етакчи эканини исботлаб бўлган.

Аввалига 2016 йилги Рио Олимпиадасида 3та олтин (Ҳасанбой Дўсматов, Шаҳобиддин Зоиров ва Фазлиддин Ғоибназаров), 2та кумуш (Шаҳрам Ғиёсов ва Бектемир Мелиқўзиев) ва 2та бронза (Муроджон Аҳмадалиев ва Рустам Тўлаганов) медал қўлга киритилган ва Ўзбекистон бокс жамоаси умумжамоа ҳисобида Куба ва Қозоғистон вакилларини ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллаганди.

2017 йилнинг 20 апрелидан 7 май кунигача Тошкент шаҳри бокс бўйича Осиё чемпионатига мезбонлик қилди. Осиё чемпионатида Ўзбекистон вакиллари 10та вазн тоифасидан 9тасида чемпион бўлишди: -49 кг вазн тоифасида Ҳасанбой Дўсматов, -52 кг вазн тоифасида Жасурбек Латипов, -56 кг вазн тоифасида Муроджон Аҳмадалиев, -60 кг вазн тоифасида Элнур Абдураимов, -64 кг вазн тоиифасида Иқболжон Холдоров, -69 кг вазн тоифасида Шаҳрам Ғиёсов, -75 кг вазн тоифасида Исроил Мадримов, -81 кг вазн тоифасида Бектемир Мелиқўзиев, +91 кг вазн тоифасида Баҳодир Жалолов тенгсиз бўлди, фақат -91 кг вазн тоифасидаги вакил Санжар Турсунов чорак финалда қозоғистонлик Василий Левитга ютқазиб қўйди, Левит бу вазн тоифасида финалда ҳам ғолиб бўлди.

2017 йилнинг 25 августидан 2 сентябригача Германиянинг Ҳамбург шаҳрида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Бу турнирда Ўзбекистон вакиллари жами 6та медал олишди. Шаҳрам Ғиёсов (-69 кг) кубалик Рониэл Иглесиас Гомесни мағлуб этиб, жаҳон чемпионига айланди. Ҳасанбой Дўсматов (–49 кг), Жасурбек Латипов (-52 кг) ва Иқболжон Холдоров (-64 кг) финалда имокниятни бой бериб, кумуш медал билан кифояланди, Бектемир Мелиқўзиев (-81 кг) ва Санжар Турсунов (-90 кг) бронза медаллар билан тақдирланди. Якунда медаллар шодаси бўйича Куба биринчи ўринни олди (5 олтин ва 2 кумуш), Ўзбекистон иккинчи бўлди (1-3-2), учликни Қозоғистон якунлади (1-2-3).

Ўтган вақт давомида Рио Олимпиадаси совриндорлари Фазлиддин Ғоибназаров, Шаҳрам Ғиёсов, Муроджон Аҳмадалиев ва Рустам Тўлаганов профессионал боксга ўтишди. Уларга 2017 йилги Осиё чемпионлари Элнур Абдураимов ва Баҳодир Жалолов ҳам қўшилишди.

Айни вақтда 2018 йилги Осиё ўйинларида Ўзбекистон бокс жамоаси шарафини Ҳасанбой Дўсматов (-49 кг), Жасурбек Латипов (-52), Миразиз Мирзахалилов (-56 кг), Шунқор Абдурасулов (-60 кг), Иқболжон Холдоров (-64 кг), Бобоусмон Батуров (-69 кг) ва Исроил Мадримов (-75 кг) ҳимоя қилишмоқда.

Бектемир Мелиқўзиев (-81 кг) ва Санжар Турсунов (-90 кг) эса Осиё ўйинларида 75 килограммдан юқори вазн тоифалари чиқариб ташлангани учун турнирдан четда қолишган.

Индонезияда Ўзбекистон жамоасининг 7 нафар вакили ҳам ярим финалга етиб келган. Бугун Тошкент вақти билан соат 12:00да ўзбекистонлик боксчилар финал йўлланмаси учун рингга чиқа бошлашади. Дастлаб -52 вазн тоифасидаги Жасурбек Латипов қирғизистонлик Азат Усеналиев билан жанг қилади.

-49 кг вазн тоифаси

Ҳасанбой Дўсматовнинг рақиби хитойлик Ву Жонглин бўлади. 

Ҳасанбой Дўсматов иштирокини нимчорак финалдан бошлади. У ярим финалга қадар лаослик Кампуван Хамсатхонени 5:0, қирғизистонлик Мирлан Туркбай улуни 5:0 ҳисобларида енгди.

Ву Жонглин эса нимчорак финалда таиландлик Юрачаи Вуттичаини 5:0, чорак финалда индонезиялик Бласиус Кали Мариони 5:0 ҳисобида енгган.

-52 кг вазн тоифаси

Жасурбек Латипов финал йўлланмаси учун қирғизистонлик Азат Усеналиевга қарши рингга чиқади. Усеналиев 2015 йил январида AIBA томонидан ой боксчиси сифатида эътироф этилган, 2013 йили эса Осиё бокс конфедерацияси (ASBC) томонидан йил кашфиёти деб тан олинган. У 2010 йили Гуанчжоуда ва 2014 йили Инчеонда ўтказилган Осиё ўйинларида иштирок этган. 2013 йили Иордания пойтахти Оман шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида ғолиб чиққан.

Жасур Латипов ярим финалга қадар хитойлик Ҳу Жианггуани 3:2 ҳисобида, индонезиялик Сугуро Алдомсни 4:1 ҳисобида мағлуб этди.

Усеналиев иштирокини саралашан бошлади ва илк рақиби, лаослик Аккасит Виенгайни 5:0 ҳисобида енгди. Нимчоракда Покистон вакили Асиф Саид Муҳаммадни 5:0, чорак финалда эса шимолий кореялик О Тай Бомни 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.

-56 кг вазн тоифаси

Миразиз Мирзахалиловнинг ярим финалдаги рақиби мезбон мамлакат спортчиси Аморагам Сунан Агунг бўлади. Унинг ўз фаолиятидаги энг юқори натижаси 2018 йили Таиландда ўтказилган халқаро турнирдаги учинчи ўрин бўлган.

Мирзахалилов нимчорак финалда иорданиялик Алвади Муҳаммад тўсиғидан ўтди (5:0), чорак финалда эса мўғулистонлик Харку Эн-Амарга қарши кечган ўта қийин баҳсда ғалаба қозонди (3:2)
Сунан Агунг иштирокини саралашдан бошлаган ва дастлабки рақиби, лаослик Вилайсак Чансамонени 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратган. У нимчорак финалда қирғизистонлик Сирожиддин Абдуллаевни 4:0 ҳисобида, чорак финалда ироқлик Жафар Абдулридҳа Ал Суданини 4:1 ҳисобида мағлуб этди.

-60 кг вазн тоифаси

Шунқор Абдурасуловнинг финал йўлидаги рақиби таиландлик Жунтронг Ружакран бўлади.

Абдурасулов илк жангда филиппинлик Жеймс Палистедан устун келган (5:0), ярим финалда қирғизистонлик Арген Кадирбек улуни қийинчилик билан мағлуб этган (3:2).

Ружакран иштирокини саралашдан бошлаб, Қатар вакили Абдуллатиф Содиқ тўсиғидан ўтган. У нимчорак финалда Тимор ороли вакили Рамос Монтеро Савонни енгган (4:0), чорак финалда индонезиялик Папенданг Фарранддан устун келган (5:0).

-64 кг вазн тоифаси

Иқболжон Холдоров ярим финалда япониялик Дайсуки Наримацуга қарши рингга кўтарилади.

Дайсуки Наримацу тажрибали боксчи, у айни вақтда 28 ёшда бўлиб, ўз фаолияти давомида бир марта, 2015 йили Индонезия президенти кубоги учун турнирда ғолиб чиққан. У 2016 йилги Рио Олимпиадаси иштирокчиси (-60 кг вазн тоифасида) ҳисобланади, 2013 йили Олмаотада, 2015 йили Доҳада ўтказилган жаҳон чемпионати иштирокчиси, 2013 йили Иорданияда, 2015 йили Таиландда бўлиб ўтган Осиё чемпионатларида бешинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган.

Иқболжон Холдоров нимчорак финалда 2013 йилги Осиё ўйинлари кумуш медали соҳиби, иорданиялик Обада Алкасбеҳга имконият қолдирмади (5:0), чорак финалда жанубий кореялик Лим Ҳюнсук устидан ғалаба қозонди (4:0).

Наримацу илк жангда индонезиялик Га Либертусни енгди (5:0), кейин ироқлик Ал Эзиражни таслим этиб (4:0), ярим финалга чиқди.

-69 кг вазн тоифаси

 

Бобоусмон Батуров финал учун таиландлик Арди Сайлом билан жанг қилади. 

Сайлом Ади 32 ёшда. У 2006 йилдан буён турли вазн тоифаларида турли халқаро мусобақаларда иштирок этиб келади. 2008 йилги Пекин Олимпиадасида, 2012 йилги Лондон Олимпиадасида ва 2016 йилги Рио-де-Жанейро Олимпиадасида, шунингдек, Доҳа-2006, Гуанчжоу-2010 ҳамда Инчеон-2014 ўйинларида иштирок этган. У жаҳон чемпионатларининг мунтазам иштирокчиси (Чикаго-2007, Милан-2009, Боку-2011, Олмаота-2013 ва Доҳа-2015). Фаолиятидаги энг юқори натижаси - 2013 йили Иордания пойтахти Оман шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатидаги иккинчи ўрин. У ўшанда -60 кг вазн тоифасида иштирок этиб, финалда қозоғистонлик Берик Абдрахмановга имкониятни бой бериб қўйган. 2015 йили Бангкокда ўтказилган Осиё чемпионатида эса у 5-ўрин билан кифояланган. 

Бобоусмон Батуров турнирдаги иштирокини саралашдан бошлади ва илк жангда мўғулистонлик Отгонбатар Бямба-Эрденни таслим этди (5:0). У нимчорак финал жангини хитойлик Маймайтиту Кионгга қарши ўтказиб, 4:1 ҳисобидаги ғалабага эришди, чорак финалда эса Жанубий Корея вакили Лим Ҳюнчулни 5:0 ҳисобида мағлуб этди.

Сайлом Ади нимчорак финалда туркманистонлик Тимур Тажимовни мағлуб этди (5:0), кейинги босқичда эронлик Сажжад Казимзодадан устун кедиб (5:0), ярим финалга чиқди.

-75 кг вазн тоифаси

Исроил Мадримов финал остонасида филиппинлик Марсиял Эймир Феликсга қарши жанг қилади.

Ёш бўлишига қарамасдан, Феликс бир қатор натижалар қайд этган. Хусусан, 2013 йили Осиёнинг энг яхши ёш боксчиси бўлган, 2015 йили Бангкокда ўтказилган Осиё чемпионатининг кумуш медали совриндори бўлган, 2017 йили Тошкент мезбонлигидаги Осиё чемпионатида 5-ўринни эгаллаган. У 2015 йили Доҳада ўтказилган жаҳон чемпионати иштирокчиси, 2015 йили Сингапурда, 2017 йили Куала-Лумпурда ўтказилган Жанубий-Шарқий осиё ўйинларида ғолиб чиққан.

Мадримов илк жангда мўғулистонлик Давасурен Даваанямни мағлуб этган (5:0), чорак финалда эронлик Сайидшаҳин Мусавий устидан ишончли ғалабага эришган (5:0).

Феликс нимчорак финалда Макао вакили Куок Сунни биринчи раунддаёқ техник нокаут ҳолатига туширган, чорак финалда эса жанубий кореялик рақиби Ким Жинжеага имконият қолдирмаган (5:0).

Қайд этиш керакки, Марсиал 2017 йили Тошкентда ўтказилган Осиё чемпионати чорак финалида айнан Мадримовга ютқазганди.  

Ўзбекистонлик спортчилар Осиёдаги гегемонликни яна бир бор намойиш этиш учун бу рақибларнинг барчасидан ўтиш талаб этилади. Осиёда Ўзбекистон билан гегемонлик учун талашадиган қозоғистонлик боксчиларнинг фақат икки нафари ярим финалга етиб келган. Булар -69 кг вазн тоифасидаги Асланбек Шимбергенов ва -75 кг вазн тоифасидаги Абилхон Аманкулдир.

-49 кг вазн тоифасидаги Темиртас Жуссупов чорак финалда филиппинлик Паалам Карлодан енгилган. 

-52 кг вазн тоифасидаги Азат Мехметов саралашдан ва нимчорак финалдан муваффақиятли ўтган, аммо чорак финалда филиппинлик Ладон Рогенга ютқазган. 

-56 кг вазн тоифасидаги Кайрат Ералиев (2017 йили Тошкентда ўтказилган Осиё чемпионати бронза медали соҳиби, шу йили Ҳамбургда ўтказилган жаҳон чемпионати ғолиби) нимчорак финалдаёқ таиландлик Будте Чатчайига ютқазган.

-60 кг вазн тоифасидаги Саматали Тўлтаев нимчорак финалдан ўтиб, чорак финалда хитойлик Шан Жундан мағлуб бўлган.

-64 кг вазн тоифасидаги Бекдаулет Ибрагимов чорак финалда таиландлик Масук Вуттчайга ютқазиб, турнирни тарк этган.

-69 кг вазн тоифасидаги Асланбек Шимбергенов ярим финал жангини иорданиялик Эшаш Зиёдга қарши ўтказади. Агар у ва Ўзбекистоннинг шу вазн тоифасидаги вакили Бобоусмон Батуров ўз жангларида ғалаба қозонишса, финалда ўзаро тўқнаш келишади.

-75 кг вазн тоифасидаги Абилхон Аманкул ярим финалда ҳиндистонлик Викаш Кришанга қарши ўтказади. Бу икки боксчи ҳам анча кучли ҳисобланишади. Абилхан Аманкул 2017 йили Тошкентда ўтказилган Осиё чемпионатида ярим финалда Исроил Мадримов билан тўқнаш келган ва ютқазиб қўйиб, бронза билан кифояланганди. Аммо у ўша йилнинг августида Ҳамбургда кечган жаҳон чемпионатида финалгача етиб борган ва кумуш медал билан тақдирланган, Мадримов эса чорак финалда америкалик Трой Айслига ютқазганди.

Викаш Кришан Ядав 2016 йилги Рио Олимпиадасида ўзбекистонлик Бектемир Мелиқўзиев билан чорак финалда жанг қилган ва ютқазган. У Мадримовга ҳам яхши таниш. У 2016 йили Тошкентда ўтказилган WSB (Бутунжаҳон бокс серияси) бўйича бокс кечасида Мадримовга қарши чиқиб, 0:3 ҳисобида ютқазган. Шунингдек, 2017 йилги Осиё чемпионатида иштирок этиб, ярим финалда жанубий кореялик Донгюн Ли ютқазиб, бронза медал билан кифояланган, Донгюн Лини финалда Мадримов таслим этган.

Айтиш жоизки, ўзбекистонлик боксчилар ярим финалдан йўқотишларсиз ўтса ҳам, финалда уларга қозоғистонликлардан ташқари, филиппинлик ва таиландлик кучли рақиблар рўбарў бўлиши мумкин. 

Агар ўзбекистонлик боксчилар финалда ҳам муваффақиятларга эришишса, Ўзбекистон делегациясини умумий рейтингда Эрондан юқорига, бешинчи ўринга олиб чиқишлари мумкин.

Top