Спорт | 08:37 / 19.05.2024
16442
2 дақиқада ўқилади

«Йил жанги»да Усик Фюрини мағлуб этиб, мутлақ жаҳон чемпионига айланди

Жанг давомида Тайсон Фюри нокдаун ҳолатига ҳам тушиб қолди.

Фото: Reuters

Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида ўтказилган профессионал бокс оқшомида украиналик Олександр Усик (21-0-0) англиялик Тайсон Фюрини (34-0-1) мағлуб этиб, барча нуфузли йўналишлар бўйича мутлақ жаҳон чемпионига айланди. 12 раунд давом этган жангнинг 9-раундида Усик британиялик рақибини нокдаунга учратиб, якунда унга тегишли WBC камарини ҳам тортиб олди.

«Kingdom Arena»даги марказий жанг катта ажиотаж уйғотганди ва «аср жанги» дея таърифланган қарама-қаршиликни томоша қилиш учун Криштиану Роналду, Неймар сингари футбол юлдузлари ҳам ташриф буюришди.

Жангнинг дастлабки 3 раунди давомида Усик бироз фаолроқ ҳаракат қилган бўлса, 4-раунддан Тайсон қарши ҳужумда кўпроқ кучли зарбалар йўллашни бошлади ва раундда тенглик кузатилди.

5-раунд – энг яхши раундга айланди ва боксчилар очилишди, зарбалар алмашинуви кузатилди. 6-раундда эса Тайсон Фюри апперкот зарбаларини йўллаб, устунлик қила олди. 7-8-раундларда эса Усик фаоллашиб, Фюрининг апперкотига чора топа олди ва вазият Усик фойдасига ўзгара бошлади.

Жангнинг кулминацион воқеаси 9-раундда юз берди. Олександр кетма-кет зарбалар билан Тайсонни нокдаунга туширди. Британиялик чарм қўлқоп устасини раунднинг тугаши қутқариб қолди. Сўнгги уч раундда эса украиналик боксчи жангнинг боришини назорат қилиб, якунда устунликни ўзида сақлай олди.

Шунга қарамай, ҳакамлардан бири очколар бўйича британияликнинг устунлигини қайд этган бўлса-да, қолганлари Усикнинг ғалабасини тан олишди.

Шу тариқа, 37 ёшли Усик 35 ёшли Фюридан WBC камарини ҳам тортиб олди ва супероғир вазн тоифасида WBA, WBO, IBF, IBO, WBC чемпионлик камарлари эгасига айланиб, мутлақ чемпион бўлди.

Маълумот учун, профессионал бокс тарихида охирги бор Леннокс Люис 2000 йилда мутлақ жаҳон чемпиони бўлганди.

Мавзуга оид