15:41 / 19.09.2018
14426

Гурлан туманида катта харажат билан сув таъминоти тизимига уланган аҳоли сувсиз қолмоқда

2018 йил март ойида Хоразм вилояти, Гурлан тумани, Вазир қишлоғи «Дўстлик боғи» маҳалласининг ўнлаб хонадони ичимлик суви таъминотига уланди. Бироқ, одамларнинг қувончи узоққа чўзилмади. Олдинига, бир неча ҳафта давомида сув таъминотида узилишлар пайдо бўлди, сўнгра маҳалла хонадонлари ундан буткул узилди.

Маҳалланинг 18 нафар хонадони бу муаммо юзасидан кўплаб идораларга, мутасадди ходимларга арз қилишди. Аммо, фойда бермагач, KUN.UZ таҳририятига мурожаат этишди. Биз Гурлан тумани Вазир қишлоғига бориб, мурожаатчилар билан учрашдик, вазиятни ўргандик.

2017 йили Вазир қишлоғи «Дўстлик боғи» маҳалласини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Бир неча йиллардан бери ер ости сифатсиз сувларини истеъмол қилиб келаётган маҳаллий аҳоли буни кўтаринки кайфиятда қарши олди.

Аҳолига эса сув таъминоти тизимига уланиб олиш таклиф қилинди. Бироқ, кўпчилик бу масалага танқидий ёндашди, улар: «Олдин кўрайлик, сув келсин, таъминот узлуксиз бўлса, қувурларга уланиб оламиз», деб кутиб туришга қарор қилишди. 20га яқин хонадон эса ваъдаларга ишониб, катта маблағ сарфлаб, сув таъминоти тизимига уланиб олишди.

500 минг сўм сарфлаб, сув қувурига уланиб олган хонадоннинг сув жўмраги - ундан сув келмайди.

Шу маҳалла аъзоси, 58 ёшли Бахтиёр Тилавов гапига кўра, сув таъминоти атиги бир ой ишлаган холос.

«Маҳалламиз ҳудудидан ўтган янги сув қувурига хурсандчилик билан уландик. Оиламиз билан тоза ичимлик суви ичарканмиз, деб қувондик. Аммо, сув атиги бир ой берилди холос. Олдинига, кўплаб авариялар сабабли, узилишлар вужудга келган бўлса, кейинчалик сув бутунлай тўхтаб қолди».

57 ёшли Сотимбой Шерназаров қўшнисининг гапини тасдиқлаган ҳолда, қувурга уланиб олиш учун катта пул сарфлаганини, бироқ, тоза ичимлик суви таъминоти тўхтаб қолганини айтди.

Ер остидан ўтган сув қувури ёрилиб, ичимлик суви далага оқиб кетган жой

«Сув қувурига уланиб олиш учун ўзим 500 минг сўм сарфладим. Бошқа хонадонлар ҳам шу қиймат атрофида харажат қилишди. Аммо атиги бир ой сув ичдик холос. Олдинига қувурлар ёрилиб, сув таъминотида узилишлар пайдо бўла бошлади. Кейинчалик, сув бутунлай келмай қолди».

Янги сув қувурига уланган хонадон. Аммо сув йўқлиги сабабли, ер остининг сифатсиз суви ичилмоқда

55 ёшли Рўзимбой Эшниязов гапига кўра, тоза ичимлик суви муаммоси аҳолини кўп йиллар давомида қийнаб келган, аммо энди ҳал бўлди деганда, яна юзага чиққан.

«Шунча йиллар давомида ер ости сифатсиз сувларини ичиб келмоқдамиз. Бундан турли касалликлар келиб чиқмоқда. Янги сув қувурига уландик, сув таъминоти тикланганди. Аммо шунда ҳам, жўмракни очганимизда бир-икки челак сап-сариқ сув келарди. Ҳозир эса у ҳам тўхтаб қолди».

Бу муаммо юзасидан «Туямуюн - Урганч» Минтақалараро сув қувурларидан фойдаланиш давлат унитар корхонаси Гурлан тумани бўлими билан боғландик. Исми ошкор бўлишини истамаган ходим сўзларига кўра, Вазир қишлоғи «Дўстлик боғи» маҳалласининг сув таъминотидан узилиб қолишига қувурлар тизимида юзага келган кўплаб авариялар сабаб бўлган. Бундан ташқари, сув билан таъминлаш учун зарур бўлган насос станциялари электр таъминотидан узиб ташланган. Айни пайтда, идоранинг электр энергиядан қарзи 280 миллион сўмга етган.

Гурлан тумани Обод қишлоғи ҳудудидан ўтган сув қувури. У ёрилиб, тоза ичимлик суви каналга оқиб кетмоқда

Дарҳақиқат, Хоразм вилояти туманларида ичимлик суви таъминоти қувурлари жуда эскириб кетган. Натижада, кун ора уларда авариялар вужудга келмоқда, қувурлар тешилиб, тоза ичимлик суви далаларга, захкаш ва каналларга оқиб кетяпти. «Дўстлик боғи» маҳалласида хонадонларни сув таъминотига улашдан, уларни катта харажат қилишга ундашдан олдин, шу нарсалар ҳисобга олиниши шарт эмасмиди? Фикримизча, аҳолини сув билан узлуксиз таъминлаш имконияти бор ёки йўқлиги ўрганиб чиқилиши, агар бунинг иложи бўлмаса, одамларни бекорга умидлантирмаслик лозим эди. Энди эса битта муаммонинг чала ҳал қилиниши оқибатида, унинг куртаклаб кетганини кўрмоқдамиз.

2018 йил сентябрь ҳолатига кўра, Вазир қишлоғи «Дўстлик боғи» маҳалласида тоза ичимлик суви таъминоти йўқ. «Олдин кўрайлик, сув келсин, таъминот узлуксиз бўлса, қувурларга уланиб оламиз», деб кутиб туришга қарор қилган аҳолини эслайсизми? Улар мутлақо ҳақ бўлиб чиқишди.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top