15:01 / 29.09.2018
19240

Навоийда террорчиликда айбланаётган Зокир Раҳимов устидан суд эшитувлари давом этмоқда

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти судида судланувчи Зокир Раҳимов устидан суд маҳкамасининг навбатдаги эшитувлари бўлиб ўтди. 28 сентябрга белгиланган маҳкама жараёни ҳам судья Фахриддин Халилов раислигида ташкил этилди. Судья Халилов суд эшитувлари таркибида ўзгариш бўлганини айтар экан, прокуратура томонидан шу вақтгача суд ишларида қатнашиб келаётган прокурор Собиров бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан унинг ўрнини Мирзаев эгаллаганини билдирди. Бу ҳақда очиқ суд мажлисида иштирок этган Kun.Uz мухбири хабар бермоқда. 

Зокир Раҳимов

Мухбирнинг билдиришича, судда судланувчининг адвокатлари Баҳром Абдуллаев ҳамда Қаюм Эсонов, судланувчининг яқинлари қатнашган. 28 сентябрь кунги эшитувларда мазкур жиноий ишда гувоҳ сифатида қатнашаётган маҳкум Турғун Рўзиев билан видеоконференцалоқа тарзида кўрсатувлари тингланди. Томонлар унга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди. 

Суд давомида адвокатлар гуруҳи судья Халиловга тақдимнома киритиб, мазкур жиноий ишда асосий гувоҳлар сифатида иштирок этаётган икки кишининг судга чақирилишини ҳамда бевосита сўроқ қилинишини таъминлашни сўради. 

Судья Халилов адвокатларнинг тақдимномасини қисман қаноатлантиришга қарор қилди ва навбатдаги суд мажлиси 2018 йил 3 октябрь куни соат 11-00га белгилади. 

 Kun.Uz мухбири суд мажлиси якунида судланувчи Раҳимовнинг адвокатлари билан суҳбатлашди. Уларнинг билдиришича, Раҳимов ишида 10дан ортиқ гувоҳ шу вақтга қадар сўроқ қилинган. Адвокатлар айни вақтда суд жараёни давом этаётгани боис, гувоҳларнинг кўрсатувларини изоҳлай олмасликларини билдирар экан, суд эшитувлари ниҳоясига яқинлашиб қолганини, суд раиси барча далиллар ва кўрсатувларни қиёслаган ҳолда адолатли ҳукм чиқаришига умид қилишларини таъкидлашди. 

Эслатиб ўтамиз, Kun.Uz сайти “Ўзбекистон24” телеканалида Давлат хавфсизлик хизмати маълумотларига асосида тайёрланган лавҳада берилган ахборотларга асосланиб, 1999 йилги воқеалардан кейин террорчиликда айбланаётган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берган эди. Туркиянинг Истанбул шаҳрида қўлга олинган Зокир Раҳимов Ўзбекистонга топширилганди. Kun.Uz сайти мазкур суд ишини кузатишда давом этади.

Толиб Раҳматов

Top