11:10 / 10.10.2018
21974

Россия ҳарбийлари Ливияга юборилгани маълум бўлди. У ерга нуфузли десант қисмлари ва ГРУ махсус кучлари жўнатилган

Фото: AFP

Россия махсус топшириқли кучларнинг «ўнлаб» жангчилари ва Бош штаб Бош бошқармаси (собиқ ГРУ) бошқа ходимларини Ливияга юборган. Бу ҳақда 8 октябрь куни Британия ҳукуматидаги манбаларга таяниб, The Sun хабар тарқатди.

Ливиядаги Россия контингенти мамлакат шарқий қисмини назорат қилувчи фельдмаршал Халифа Хафтар учун қўшинларни тайёрлаш билан шуғулланади. Шунингдек, Россия Хафтар армиясини қурол-яроғ билан таъминлайди - хусусан, «Калибр» қанотли ракеталари ва С-300 зенит ракета комплекслари. Бундан ташқари, Ливия шарқида иккита Россия ҳарбий базаси жойлаштирилган. Улар Тобрук ва Бенгази шаҳарларида, Ўрта Ер денгизи соҳилларида жойлашган ҳамда «Вагнер» ХҲК назоратида фаолият юритади, деб хабар бермоқда The Sun.

Британия махсус хизматлари Россиянинг Ливиядаги ҳарбий фаоллиги ҳақида бош вазир Тереза Мэйни огоҳлантиришди. Уларнинг фикрига кўра, Москва Африка мамлакатини «янги Сурияга» айлантирмоқчи, деб ёзади The Sun. Нашр маълумотларига кўра, Россия Ливия Европага йўл олувчи орқали ноқонуний муҳожирлар оқими ва бу давлатдан нефть етказиб беришни назорат остига олиши мумкин.

Россия ҳарбийларининг Ливиядаги иштироки 9 октябрь куни РБК’нинг Россия Мудофаа вазирлиги ва Ливия ҳукуматига яқин манбалари томонидан тасдиқланди. Нашр маълумотларига кўра, Россиянинг Ливиядаги манфаатлари нефть-газ соҳаси билан боғлиқ, фельдмаршал Хафтар эса аслида Москванинг иттифоқдоши саналади. Мудофаа вазирлигига яқин суҳбатдошнинг маълум қилишича, охирги ойларда нуфузли десант бўлинмалари Москва областидан Ливия шарқига юборилган.

Давлат думаси мудофаа бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Юрий Швиткиннинг «РИА Новости»га маълум қилишича, Ливияда россиялик ҳарбий хизматчилар йўқ; у The Sun’нинг Россия Ливияни «янги Сурияга» айлантирмоқчи экани ҳақидаги маълумотини хомхаёл, деб атади. Ўз навбатида, Россиянинг Лондондаги элчихонаси Москва Ливияга ҳарбий аралашувни ҳеч қачон режалаштирмагани ва бу мамлакатга қурол етказиб бериш бўйича БМТ эмбаргосига амал қилиши ҳақида хабар берди.

Аввалроқ, Россия армиясининг ливиялик фельдмаршал Халифа Хафтар билан эҳтимолий алоқалари ҳақида хабар берилган эди. 2017 йилнинг мартида Reuters агентлиги ўз манбаларига таянган ҳолда Миср ва Ливия ўртасидаги чегарада Россия махсус топшириқли кучлари пайдо бўлгани ҳақида хабар қилинганди. Агентлик тахминига кўра, 22 нафар ҳарбийдан иборат отряд айнан Хафтарни қўллаб-қувватлаш учун фойдаланилган.

Top