16:40 / 17.10.2018
42639

«Ким дуч келса отишган». Қримдаги коллеж директори автомат билан қуролланган шахслар ҳужуми ҳақида гапирди

Қримда теракт содир этилган коллеж директори Ольга Гребенникова ҳодиса тафсилотлари ҳақида сўзлади.

Портлаш вақтида Гребенникова коллеж биносида бўлмаган. 

«Мен бу ерга келишимдан 5 ёки 6 дақиқа олдин портлаш содир бўлган... ҳаммани портлатишган... ойналар учиб тушган... холлни портлатишган... кейин автомат билан иккинчи қаватга кўтарилиб, йўлларидан ким чиқса отиб ташлашган. Агар мен ҳам вақтлироқ келганимда, ҳозир жасадга айланган бўлардим. Болалар ҳам ҳалок бўлишган, ходимлар ҳам», — деган у. Директорнинг сўзларига кўра техникумда содир бўлган воқеа — «худди Бесландаги каби ҳақиқий терактдир».

Маҳаллий вақт билан соат 11:30да коллеж ҳудудида портлаш содир бўлган. Аввалига коллеж ҳудудидаги ошхонада газ баллони портлагани ҳақида айтилганди.

Кейинроқ Россия Миллий аксилтеррор қўмитаси коллеж ҳудудида номаълум портловчи ускуна портлатилгани ҳақида маълум қилди.

Росгвардия ва Россия Тергов қўмитаси ҳодисани теракт деб баҳолади.

Ҳодиса оқибатида 10 киши ҳалок бўлган, яна 50 киши тан жароҳати олган.

Воқеа жойига Қрим раҳбари Сергей Аксенов йўл олган. Россия президенти Владимир Путин топшириғи билан Қримга Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ил-76 самолёти йўлланган, президент зарурат туғилса, жабрланувчиларни мамлакатнинг етакчи касалхоналарига зудлик билан кўчириш ҳақида кўрсатма берган.

Top