08:12 / 26.10.2018
26001

Xiaomi сунъий идрок тугмасига эга, «ҳақиқатдан ҳам рамкасиз» Mi MIX 3’ни тақдим этди

Xiaomi расман Mi MIX 3 смартфонини тақдим этди, унинг экрани деярли барча олд панелни эгаллайди. Селфи-камера ва динамикдан фойдаланиш учун қурилманинг орқа қисмини суриш керак бўлади.

Фото: Mi Blog

Mi MIX 3 Android 9’да махсус MIUI 10 қопламаси билан ишлайди. Смартфон 2340х1080 пиксель кенгликка эга 6,39 дюймлик AMOLED-экран, 3850 мА·с.лик аккумулятор, 6, 8 ёки 10 гигабайт оператив хотира, шунингдек, 128 ёки 256 гигабайтли ўрнатилган хотира билан жиҳозланган.

Қурилма Qualcomm Snapdragon 845 процессорида ишлайди ва бешинчи авлоддаги (5G) уяли алоқа тармоқлари билан мос келади. Бундан ташқари, смартфонда бармоқ излари сканери, NFC-модуль ва Bluetooth 5.0 мавжуд.

Смартфон шунингдек, Quick Charge 4+ тез қувватлантириш ҳамда 10-ваттли Qi симсиз қувватлантириш функциясига эга. У ҳар бир смартфон билан бирга бўлади.

Фото: Mi Blog

Смартфоннинг асосий жиҳатларидан бири ҳар бири 12 мегапикселли иккита камерадир. Унда сунъий идрок ёрдамида тасвир калибровкаси, янги тунги суратга олиш режими, шовқинни йўқотиш, ёруғлик даражасини ўлчаш, тасвирни барқарорлаштириш пайдо бўлди. Иккита камера, шунингдек, видеони 4К’да ва сониясига 960 кадрда ёзиб олишни қўллаб-қувватлайди ҳамда сунъий идрок томонидан автоматик равишда мусиқа қўшиш имконига эга. 

Xiaomi’нинг билдиришича, Mi MIX 3 ҳозирча кам ёруғликда суратга олиш учун компаниянинг энг яхши смартфонидир. Кам ёруғлик шароитида Sony IMX576 сенсори Super Pixel технологиясидан фойдаланади ва маълумотларни тўртта қўшни пикселдан бир катта пикселга бирлаштиради.

Xiaomi Mi MIX 3’нинг олд камерасини очилувчи слайдерда яширди, бунинг натижасида дисплей смартфон олд панели майдонининг 93,4 фоизини эгаллади. Таққослаш учун, худди шундай дизайндаги Oppo Find X слайдерида бу кўрсаткич 87%ни, iPhone XS Max’да эса - 84,4%ни ташкил қилади.

Смартфон қўлда очилади, лекин слайдерга неодим магнитлар қўшилган. Қурилма букилган ҳолатда бўлса, уни очиш учун куч керак бўлади.

Лаборатория тестлари вақтида ҳаракатланувчи механизмнинг ҳаёт цикли 300 минг мартани ташкил этди. Слайдернинг очилиши бошқа функцияларни фаоллаштириш учун ишлатилиши мумкин: масалан, қўнғироққа тез жавоб бериш ёки баъзи функцияларни ишга тушириш. Слайдерни ишлатишда товуш эффектлари назарда тутилган, фойдаланувчилар уларни ўз хоҳишига кўра танлай олади.

Mi MIX 3'да Xiaomi биринчи марта сунъий идрок учун тугма қўшди. Экраннинг чап томонидаги клавишни ушлаб туриб, фойдаланувчи Xiao Ai овозли ёрдамчини ёқиши, бир марта ёки икки марта босиш билан эса, ўз хоҳишига кўра созлаши мумкин. Ёрдамчи фақатгина Хитой бозорида ишлайди.

Фото: Mi Blog

Смартфон учта рангда тақдим этилади: нефритли яшил, ёқутли кўк ва «қора оникс». 6 Гбайт оператив хотира ва 128 ГБ ўрнатилган хотирага эга бўлган версия 475 доллар, 8 ГБ оператив хотиралиси - 520 доллар, 8 ГБ оператив хотира ва 256 ГБ ўрнатилган хотира билан - 575 доллар, 10 ГБ оператив хотира ва 256 ГБ ўрнатилган хотирага эга бўлгани 720 доллар туради. Хитойда смартфонлар савдоси 1 ноябрдан бошланади, бошқа мамлакатларда уларнинг пайдо бўлиши кейинчалик эълон қилинади.

Top