01:31 / 01.11.2018
7395

Қозоғистон кучлари тарихда илк бор БМТнинг тинчликпарварлик миссиясида иштирок этмоқда

Қозоғистон тинчликпарвар ротасининг 120 ҳарбийси “Индбат” ҳинд батальони таркибида “БМТнинг Ливандаги вақтинчалик кучлари” миссиясида иштирок этгани Ливанга етиб келди.

Қозоғистон қуролли кучлари тарихида мамлакатнинг тинчликпарвар кучлари илк бор БМТнинг Ливанда тинчлик ва хавфсизликни қўллаб-қувватлаш миссиясида иштирок этмоқда. Шу мақсадда ҳиндистонлик ҳамкорлар билан тинчликпарвар ротани тартибга солиш доирасида зарур тайёргарлик иши ўтказилган. БМТ мандатига кўра, Қозоғистон вакиллари ҳудудни патруллаш; кузатув постларини ташкиллаштириш; ўт очишни тўхтатишга амал қилиниши ортидан кузатиш вазифаларини бажаради.  

Таъкидланишича, тинчликпарвар операцияси вақтида қозоғистонлик ҳарбийлар уч марта каттароқ маош билан таъминланадилар. Шунингдек, БМТ қўшинларни юбораётган давлатнинг харажатларини белгиланган ставкалар бўйича қоплаб беради. Бу ставка бир ҳарбийга бир ойга 1428 долларни ташкил қилади. Шунингдек, ҳар бир ҳарбийга кунига 1,28 доллар қўшимча ҳақ, 15 кунлик таътил вақтида соғломлаштириш учун кунига 10,5 доллардан тўланади. Таътил ҳар 6 ойда берилади.   

 

Top