15:10 / 08.11.2018
14329

Самарқандда «Ипотека-банк» АТИБ вилоят филиали ташаббуси билан илк бор «Балиқ сайли» ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 17–18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида вилоятдаги балиқчилик хўжаликлари томонидан 2018 йилда 10 минг тонна балиқ овлаш режаси белгилаб берилган эди. Мазкур топшириқ юзасидан бугунги кунда Самарқанд вилоятида фаолият юритиб келаётган балиқчилик хўжаликлари сони кўпайди.

2018 йилнинг ўтган 10 ойи давомида 7093 тонна балиқ овлаш режаси белгиланган бўлиб, амалда 7484,9 тонна (белгиланган режага нисбатан 106 фоиз) балиқ овланди.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида «Ипотека-банк» АТИБ Самарқанд вилоят филиаллари томонидан вилоятда балиқчиликни ривожлантириш учун 50,0 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли маблағлар ажратилди.

Ажратилган маблағлар балиқ чавоқлари, омухта ем, минерал ўғит сотиб олиш, ҳавза қазиш ва сув ўтказиш, интенсив ҳолда балиқ етиштириш, махсус техника харид қилиш, асосий воситалар, бинолар қурилиши, аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш, садоклар ўрнатиш, музлаткичли омборхона ташкил қилиш ва бошқа мақсадлар учун сарфланган.

Қилинаётган улкан ишлар самараси ўлароқ, 4 ноябрь куни Самарқанд туманидаги «Оқ амур балиқлари» фермер хўжалиги ва «Ипотека-банк» АТИБ Самарқанд филиали ташаббуси билан илк марта «Балиқ сайли» ўтказилди.

— Бугунги кунда вилоятимизда 9,7 минг гектар табиий ва сунъий сув ҳавзалари бўлиб, уларда 441 балиқчилик хўжалиги фаолият юритмоқда, — дейди акциядорлик тижорат «Ипотекабанк» вилоят филиали бошқарувчиси Феруз Насруллаев.

Эрталабдан карнай-сурнай садолари остида фермер хўжалигида етиштирилган балиқлардан эҳсон қилиш қилиш мақсадида ўтказилган тадбирда «Оқ амур балиқлари» фермер хўжалигида етиштирилган балиқлардан 2 тоннаси пиширилди ва дастурхонга тортилди.Йиғилганлар хушовоз хонандаларнинг куй-қўшиқларидан баҳраманд бўлишди.

Айниқса, Самарқанд шаҳридаги 10-сон меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳам сайилга таклиф этилгани болажонларни беҳад хурсанд қилди. Уларга «Ипотекабанк» АТИБ ва фермер хўжалигининг совғалари ҳам топширилди.

Меҳрибонлик уйи директори Мавжуда Тошпўлатова тарбияланувчилар номидан ташкилотчиларга меҳмондорчилик учун ташаккур билдирди.

Пиширилган балиқлардан Оҳалик қўрғонида жойлашган махсус болалар мактаб-интернати болаларига ҳам етказилди.

Ҳақиқий сайил кўриниши олган йирик байрамда одамлар тўйгунича балиқ тановул қилишди . Фермер хўжалигида етиштирилаётган балиқларни томоша қилишди, сунъий кўлда қармоқ билан балиқ овлаганлар ҳам бўлди.

«Балиқ сайли»да қатнашиш учун қўшни вилоятлардаги балиқчилик хўжаликлари раҳбарлари ҳам иштирок этишди. Жумладан, Тошкент вилоятидан балиқчилик соҳасида донг таратган Бинодирхўжа Маҳмудов ҳам ташриф буюрган экан. У шундай деди: «Мен 35 йилдан буён балиқчилик соҳасида меҳнат қилиб келмоқдаман. Айни пайтда Қуйи Чирчиқ туманидаги «Огонёк» МЧЖ раҳбариман. «Оқ амур балиқлари» фермер хўжалиги билан 20 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Мазкур хўжалик директори Илҳом Ҳалимов ишончли ҳамкор ҳисобланади. Фирмамиз фаолиятида мураккаб вазиятлар ҳам бўлган, бироқ Илҳомжон доимо ёрдамга келган. Бизда устоз-шогирд алоқалари ўрнатилган. Бугунги бу байрамни кўриб айтишим мумкинки, шогирд устоздан ўтибди».

Балиқчилик соҳаси фахрийси шу кунгача Ўзбекистонда балиқ сайли ўтказилмаганини қайд этди. Самарқандлик банкирлар ва балиқчилар хайрли ташаббуси билан асос солинган бундай яхши анъана келгусида ҳам давом эттирилиши, байрам вилоят чегарасини ҳатлаб ўтиб, республика миқёсидаги доимий байрамга айланиб кетишини истаётганини билдирди.

Шуҳрат Шокиржонов,

KUN.UZ мухбири

Top