00:30 / 12.11.2018
118906

Самарқандда кекса аёлнинг бошига челак кийгизиб, уриб йиқитган йигитлар қўлга олинди 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси 2018 йилнинг май ойи ўрталарида Самарқанд шаҳри «Шодиёна» савдо мажмуасининг иккинчи қаватида жойлашган 46-сонли савдо дўкони олдида рўй берган воқеага муносабатини билдирди.

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда ёш йигитлар кекса аёлнинг устидан шафқатсизларча кулгани акс этган қисқа видео тарқалганди. Унда икки йигит аёлнинг ортидан бориб, унинг бошига челак кийгизгани, сўнг улардан бири аёлни мушти билан урганини, зарба натижасида аёл мункиб кетиб йиқилганини кўриш мумкин

«2018 йилнинг май ойи ўрталарида жамоат жойи ҳисобланган Самарқанд шаҳар «Шодиёна» савдо мажмуасининг иккинчи қаватида жойлашган 46-сонли савдо дўкони олдида, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан дўкон олдидан ҳаракатланиб кетаётган фуқаро Б.Х. орқа томонидан келишиб, бош қисмига челак кийдиришгач, Ш.А. уни қўли билан бир марта уриб йиқитгач, ҳодиса жойидан қочиб кетишгани аниқланган.  

Ушбу ҳолат, Ш.А.нинг таниши А.М. томонидан «Samsung» русумли телефон аппарати ёрдамида видео тасвирга олинган ва 2018 йил 6 ноябрь куни Д.Б.томонидан «Instagram» орқали тарқатилган», — дейилади хабарда.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасида, 2018 йил 10 ноябрь куни Ш.А., А.М., Д.Б. ва Р.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми «б» ва «д» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган, Ш.А. ва А. М. ушланган.

Жиноят иши юзасидан ҳозирда Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Терговнинг бориши устидан Бош прокуратура томонидан назорат ўрнатилган.

Top