21:52 / 21.11.2018
8181

Журналистика дунёдаги энг хавфли касблар қаторида қолмоқда

Журналистика дунёнинг энг хавфли касбларидан бири бўлиб қолмоқда. Чоршанба куни ЮНЕСКО штаб-квартирасидаги йиғилишда тақдим этилган Халқаро коммуникацияларни ривожлантириш дастури (ХКРД) ҳукуматлараро кенгаши ҳисоботида шу ҳақида маълум қилинди. 

Ҳужжатга кўра, 2016-2017 йилларда жаҳонда профессионал вазифасини бажара туриб 182 нафар журналист ҳалок бўлган. Ўтган икки йилда энг кўп матбуот вакилларига амалга оширилган ҳужумлар Осиё-Тинч океани минтақасида қайд этилган бўлиб, у ерда 54 нафар мухбир ҳалок бўлган.  Иккинчи ўринда – Яқин Шарқ (50) ва Лотин Америкаси (50). Африкада 13 мухбир, Ғарбий Европа ва Шимолий Америкада – 11, Марказий ва Шарқий Европада – 4 нафар мухбир хизмат вазифасини ўтаётганда ўлдирилган. 

Ҳалок бўлганлар орасида аёллар сонининг сезиларли даражада ошиб бораётгани халқаро дастур раҳбариятининг хавотирига сабаб бўлмоқда. Ўтган йили 11 нафар журналист аёл ўлдирилган, бу умумий кўрсаткичнинг 14 фоизини ташкил қилади. Беш йил аввал, 2012 йилда эса бу кўрсаткич 4 фоизни қайд этган.  

Ўтган йили биринчи марта журналистларнинг аксарияти (55 фоизи) ҳарбий можаролардан йироқ мамлакатлар ҳудудларида ўлдирилгани журналистлар ҳамжамиятида ташвиш уйғотмоқда. Илгари бундай жиноятларнинг кўпи қуролли можаролар кузатилаётган зоналарда рўй берар эди. 

Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, бу каби жиноятларнинг жазосиз қолаётгани яна бир муаммо. Фақат 11 фоиз ҳолатдагина журналистларнинг ўлдирилиши билан боғлиқ тергов иши охиригача олиб борилган. 

Top