15:51 / 24.11.2018
11219

Учта спорт тури бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаларида хорижлик мураббийлар иш бошлайди

Юнон-рум кураши, оғир атлетика ва гимнастика бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаларига хорижлик мураббийлар устозлик қила бошлайди. Бугун, 24 ноябрь куни Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида бўлиб ўтган йиғилишда шундай қарорга келинди.

Вазирлик матбуот хизматининг хабар беришича, юнон-рум кураши бўйича грузиялик мураббий Заза Силагадзе, гимнастика бўйича россиялик тренер Екатерина Пирожкова ва оғир атлетика бўйича туркманистонлик мутахассис Артур Эмирян билан шартнома имзоланади. Ушбу қарор хорижий мутахассислар билан меҳнат шартномалари (контрактлар) тузиш тўғрисида иш берувчининг таклифларини кўриб чиқиш бўйича эксперт комиссияси томонидан қабул қилинди.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Йиғилишда комиссия оғир атлетика, спорт курашлари, таэквондо WТФ ва гимнастика спорт турлари бўйича федерация (ассоциация)лар томонидан таклиф қилинаётган хорижлик тренерлар номзодлари билан шартномалар тузиш масаласини кўриб чиқди. Жисмоний тарбия ва спорт вазири, эксперт комиссияси раиси Дилмурод Набиев айни масалада қуйидагича фикр билдирди.

“Хорижлик мураббийларни жалб этишда айрим спорт турлари билангина чекланиб қолмаслигимиз лозим. Айниқса, малакали мутахассислар танқис ва етарли натижаларга эришилмаётган спорт турлари бўйича тажрибали хорижлик мутахассисларни жалб этишимиз керак бўлади. Янги шартнома тузилаётган хорижлик тренерлар тажрибасидан 2020 йил Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган 32-ёзги Олимпия ўйинларига муносиб спортчиларни тайёрлаш борасида унумли фойдаланиш зарур.” – деди Набиев.

Йиғилиш давомида тегишли федерациялар (ассоциациялар) мутасаддилари сўзга чиқиб, таклиф этилаётган хорижлик мутахассисларнинг тайинланиши қандай афзалликлар келтириши ҳақида маълумот беришди.

Қўшимча қилинишича, хорижлик спорт мураббийларини жалб этиш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 30 декабрдаги “Спорт турлари бўйича Ўзбекистон Республикаси терма жамоалари аъзолари бўлган спортчиларни тайёрлаш учун жалб этилган хорижий мутахассисларнинг иш шарт-шароитлари тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 346-сонли қарорига мувофиқ амалга оширилади.

Top