16:00 / 03.12.2018
17962

​Риштон туман ХТБ таъминотчиси мактаб кўмирини сотган. Ишни ёпиш учун эса ИИБ ходимига пора таклиф этган

Фото: Depositphotos

Шу йилнинг сентябрь ойида Фарғона вилояти Риштон тумани ХТБда хўжалик таъминотчиси вазифасида ишлаган Б.А. тумандаги 12-сонли умумтаълим мактабига етказилиши керак бўлган 8 тоннадан ортиқ кўмирни пулламоқчи бўлганда қўлга тушган. Уни Бағдод тумани ИИБ Жиноят-қидирув бўлими тезкор вакили фош этган.

Kun.uz мухбирига маълум бўлишича, Б.А.​ ўз танишига кўмирни сотиб олишни таклиф қилган. 1998 йилдан буён халқ таълими тизимида ишлаб келган Б.А.​ кўмирнинг 1 тоннаси учун 300 минг сўм сўраган. Икковлон савдони пишитгандан сўнг, омборхонадан юкни ортган улов кейинги манзилга қараб йўлга чиққан. Шу жойда вазиятга ички ишлар ходими аралашиб, кўмирнинг эгасини суриштиради. Харидор муаммо келиб чиққани ҳақида Б. А.га хабар етказган. Б.А.​ эса воқеа жойига етиб келиб, тезкор вакилга пора таклиф этган, ундан иш «унут» бўлишини илтимос қилади. 

Табиий газ билан таъминланмаган 12-сонли мактаб директорининг маълумотига кўра, мактаб 2018 йил ҳисобидан 30,8 тонна, жами 750 қоп кўмир брикет қабул қилган, аммо мактабга ҳеч қандай қора кўмир келтирилмаган. 

Маълум қилинишча, туманда 64та мактаб бўлиб, 2018-2019 йиллар куз қиш мавсуми учун таълим муассасаларига режа асосида жами 1899,9 тонна кўмир ёқилғиси тарқатилиши режалаштирилган. 

Туман ХТБ мудирининг айтишича, Б.А.​ қилган жинояти туфайли аллақачон 119-сонли буйруққа асосан эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. 

«Бу шахс олдин туман халқ таълимида қоровул ва шофёр бўлиб ишлаган», - дейди мудир. 

Жиноят ишлари бўйича Риштон туман суди Халқ таълими бўлими биносида ўтказилган очиқ сайёр суд мажлисида Б. А. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 211-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилди. Б.А.​га Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 211-моддаси 1-қисми билан ЖКнинг 45-моддасини қўлланилиб, у 1 йил муддатга давлат корхона ва муассасаларида моддий ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Бундан ташқари, энг кам ойлик иш ҳақининг 60 баравари миқдорида (11.058.000 сўм) жарима жазоси тайинланди.

Суд мажлисида раислик қилган Риштон туман судининг раиси Бағдод туман ИИБ ЖҚБ тезкор вакилининг ҳаракатларини эътироф этиб, раҳбариятдан уни тақдирлаш чоралари кўрилишини сўраган.

Top