01:07 / 11.12.2018
7464

Lufthansa авиакомпанияси Ўзбекистонга парвозларни қайта йўлга қўйишни режалаштирмоқда  

Фото: Pinterest

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари  Азиз Абдуҳакимов Германиянинг Lufthansa AG концернининг МДҲ давлатларидаги ҳудудий директори Рональд Щульц билан учрашувда Германия билан мунтазам авиаалоқани қайта йўлга қўйиш имкониятини муҳокама қилди.

Щульцнинг таъкидлашича, у Ўзбекистонга авиакомпания томонидан Ўзбекистон бозорида иштирок этиш имкониятини ўрганиш мақсадида келган. Ҳозирда Lufthansa “Франкфурт-Боку-Ашхобод” йўналиши бўйича рейсларини “Франкфурт-Боку-Тошкент” йўналишига ўтказмоқчи. Бунда дастлабки босқичда ҳафтасига 3 тадан рейс амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Ўз навбатида Ўзбекистон томони бунда кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирган. Учрашувда Ўзбекистоннинг ҳудудий, жумладан Қарши ва Андижондаги аэропортларига “очиқ осмон” тамойилини татбиқ қилиш масаласи муҳокама қилинган. Шу тариқа, Ўзбекистондаги ҳудудий аэропортлардан бирини Lufthansa’нинг транзит хабига айлантириш имконияти мавжуд.

Бундан ташқари, немис авиакомпанияси Ўзбекистонни Европадан Жануби-Шарқий Осиёга рейслари учун транзит хаби сифатида қўллаши мумкинлиги таъкидлаб ўтилган.  

Lufthansa 1993 йилдан 2001 йилгача Тошкентга мунтазам рейслар амалга оширган, бироқ  йўловчилар оқими камлиги сабабли уларни тўхтатган. 2010 йилда компания бу рейсларни қисқа муддатга қайта йўлга қўйган.

Top