11:58 / 13.12.2018
9553

Электр энергиясини сотишдаги йўқотишларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом ишлаб чиқилди

Фото: Depositphotos

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекциясининг “Электр энергиясини етказиб бериш, транспортировка қилиш, тақсимлаш ва сотишдаги йўқотишларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан электр энергиясини етказиб бериш, транспортировка қилиш, тақсимлаш ва сотишдаги йўқотишларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.

Низомга кўра, “Ўзбекэнерго” АЖ ҳар ойда бевосита истеъмолчилар томонидан фойдаланилган электр энергияси ҳажми ва тегишли ҳудудлар чегарасидаги тармоқларга етказиб берилган ҳажм ўртасидаги тафовут мавжудлиги ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига тақдим этади. Тақдим этилган маълумотлар асосида Бюро ҳудудий электр тармоқлари корхоналари билан биргаликда тафовутнинг вужудга келиш сабабларини аниқлаш бўйича белгиланган тартибда чоралар кўради.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарори билан тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”нинг 75-бандига асосан, истеъмолчи тармоғининг транзит узатишда қатнашган қисми, электр энергиясини узатишдаги технологик сарфнинг ягона электр энергетикаси тизимига тегишли қисми бўйича “Электр энергиясини электр тармоқлари бўйлаб узатиш ва тақсимлашда технологик йўқотишларнинг нормативларини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома”нинг 5-формуласига асосан ҳисобланадиган технологик йўқотишларнинг абсолют миқдорига қўшиб ҳисобланади.

Агар истеъмолчи эгаси бўлмаган ёки эгаси номаълум бўлган ёхуд эгаси эгалик қилишдан воз кечган электр тармоғи хўжалиги объекти орқали электр энергияси билан таъминланаётган бўлса, ўзларининг электр тармоқларидан бундай объектлар орқали электр энергиясини етказиб бераётган ҳудудий электр тармоқлари корхоналари улардаги технологик йўқотишларни ўзларига тегишли электр тармоқларидаги технологик йўқотишлардан алоҳида ҳисоблайдилар. Бунда эгаси бўлмаган ёки эгаси номаълум бўлган ёхуд эгаси эгалик қилишдан воз кечган электр тармоғи хўжалиги объекти ҳудудий электр тармоқлари корхоналари балансига қабул қилинган ёки қилмаган тақдирда, улардаги технологик йўқотишлар ушбу корхоналарнинг технологик йўқотишларида ҳисобга олинади. Амалга оширилган ҳисоб-китоб миқдорлари технологик йўқотишларнинг абсолют миқдорига қўшиб ҳисобланади.

Электр энергиясини ишлаб чиқарувчи, етказиб берувчи, тақсимловчи ва сотувчи корхоналар ҳар йили 1 сентябргача келгуси йил учун “Электр энергиясини электр тармоқлари бўйлаб узатиш ва тақсимлашда технологик йўқотишларнинг нормативларини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома” асосида тармоқларидаги электр энергиясини йўқолишларини ҳисоблайдилар ва “Ўзбекэнерго” АЖга тақдим этадилар. Бунда бирламчи маълумотлар электр энергиясини ишлаб чиқарувчи, етказиб берувчи, тақсимловчи ва сотувчи корхоналар раҳбарлари, бош муҳандислари, бош ҳисобчи ҳамда масъул бўлим бошлиқлари имзолари билан тасдиқланиши лозим.

Электр энергиясини ишлаб чиқарувчи, етказиб берувчи, тақсимловчи ва сотувчи корхоналар томонидан технологик йўқотишлар бўйича амалга оширилган ҳисоб-китоблар “Ўзбекэнерго” АЖнинг тегишли йўналишлари бўйича бошқармалари томонидан кўриб чиқилиб, бошқарув раисининг соҳавий ўринбосарлари томонидан тасдиқланади.

Низомга асосан “Ўзбекэнерго” АЖ бўйича (корхоналар кесимида) амалга оширилган технологик йўқотишларнинг ҳисоб-китоблари умумлаштирилган холда “Ўздавэнергоназорат” инспекциясига тақдим этилади. Тақдим этилган технологик йўқотишларнинг ҳисоб-китоблари “Ўздавэнергоназорат” инспекцияси томонидан “Электр энергиясини электр тармоқлари бўйлаб узатиш ва тақсимлашда технологик йўқотишларнинг нормативларини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома”га мувофиқ амалга оширилганлиги кўриб чиқилади ва келишилади.

“Ўзбекэнерго” АЖ ҳар йили корхоналар томонидан ҳисобланган тармоқлардаги электр энергияси йўқотишларини инобатга олган ҳолда электр энергетика объектларининг ички тармоқ электр энергияси истеъмолининг прогнозини шакллантиради, ҳамда ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига тақдим этади.

“Ўзбекэнерго” АЖ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган электр энергияси ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш балансини корхоналар кесимида тармоқлардаги электр энергияси йўқотишларнинг меъёрий миқдорини корхоналарга етказади.

“Ўзбекэнерго” АЖ электр энергиясини ишлаб чиқариш, транспортировка қилиш ва етказиб беришнинг ҳақиқий режимидан келиб чиққан ҳолда, ҳар чорак якунида корхоналар томонидан қайта ҳисобланган электр тармоқлардаги йўқотишлар асосида меъёрий миқдорларга ўзгартиришлар киритиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига таклиф киритади.

Top