Ўзбекистон | 22:30 / 27.10.2023
3880
2 дақиқада ўқилади

Куз-қиш мавсумида ИЭС томонидан 27,6 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган 

Бунинг учун жами 6,3 млрд куб метр табиий газ, 820 минг тонна мазут, ҳамда 670 минг тонна кўмир сарфланиши назарда тутилмоқда. 

Жорий куз-қиш мавсумида 27,6 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бу ҳақда «Иссиқлик электр станциялари» АЖ ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Бекмуҳаммедов маълум қилди. 

Қайд қилинишича, 2023 йил ноябр-декабр ойларида кунлик ўртача 158 млн кВт·соат, ҳамда 2024 йил январ-март ойларида кунлик ўртача 160 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бунинг учун жами 6,3 млрд куб метр табиий газ, 820 минг тонна мазут, ҳамда 670 минг тонна кўмир сарфланиши режалаштирилган. 

«Иссиқлик электр станциялари» АЖ томонидан 2023 йилнинг 9 ойи давомида белгиланган 38,5 млрд кВт·соат ўрнига, 39,8 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, режа 103,3 фоизга бажарилган. 2023 йил якунига қадар 53,8 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. 

Таъкидланишича, куз-қиш мавсумида аҳолининг электр ва иссиқлик энергиясига бўлган талабини қондириш, мавсумни беталофат ўтказиш мақсадида электр станциялар белгиланган режага мувофиқ, мавсумга шай ҳолатга келтирилган. 

Жумладан, режадаги 53 та энергоқурилманинг 46 тасида (87 фоиз) таъмирлаш ишлари якунланган. Таъмирлаш ишлари 15 ноябрга қадар электр энергия ишлаб чиқариш режасига таъсир қилмаган ҳолда тўлиқ якунланиб, фойдаланишга топширилиши айтилмоқда. 

Таъмирлаш ишларига General Electric (АҚШ), Россиянинг «Силовые машины», «Калужский турбинный завод» ва «Таганрогский котелостроительный завод», Япониянинг Mitsubishi Hitachi Power Systems, Жанубий Кореянинг Hyundai консорциуми вакиллари жалб этилган. 

Мавзуга оид