17:29 / 25.12.2018
6325

Ўзбекистонга атом энергетикаси бўйича ахборот ва ўқув марказлари керакми? Экспертлар фикри

Ўзбекистонда атом электр станцияси (АЭС) қурилиши муносабати билан Олий Мажлис депутатлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси яқинда Россиянинг Нововоронеж шаҳрида бўлиб қайтди. У ерда делегация вакиллари АЭС объекти билан бир қаторда Атом энергетикаси бўйича ахборот маркази ва станцияда ишлашга оид амалий билимларни берувчи ўқув марказида ҳам бўлиб, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишишди. Бу марказларда барчага атом энергетикаси ҳақидаги маълумотлар инновацион усулларда тақдим этилади. Ҳаттоки болалар ҳам бу ерга келиб атом энергетикаси ёрдамида электр энергиясини олиш ва умуман бунинг нима учун кераклиги ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлишига гувоҳ бўлдик. Kun.uz мухбири АЭС объекти, ахборот ҳамда ўқув марказлари фаолияти билан яқиндан танишган экспертларнинг Ўзбекистонда бундай марказларни ишга тушириш қанчалик муҳим эканлиги борасидаги фикрларига қизиқиш билдирди.

Борий Алихонов

Олий Мажлис Спикер ўринбосари, Экоҳаракат депутатлик гуруҳи раҳбари, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Борий Алихонов:

"Ҳар бир фуқарога тушунарли тилда, объектив маълумот бериш жуда тўғри қарор бўлади. Бу барча учун фойдали. Нима учун? Чунки атом энергетикасининг экологик ва хавфсиз эканини тўғри қабул қилишда хабардорликнинг ўрни катта. Кўпчиликда АЭС орқали электр энергия олиш гўё қандайдир хавф уйғотадигандек тасаввур мавжуд. Бунга бир неча йиллар илгари бўлиб ўтган Фукусима ва Чернобль фожиалари сабаб, албатта. Бироқ сўнгги "3+" технологияси ҳар қандай хавф ва аварияларни истисно қилади. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, Ўзбекистонга атом энергетикасига доир билимларни тушунарли тилда тақдим этувчи ахборот марказлари ва ўқув марказлари керак. Қўрқув борасида бир мисол келтирмоқчиман: масалан, кўпчилик самолётда учишдан қўрқиб, автотранспортда ҳаракатланишни маъқул кўради, ҳолбуки самолётдаги авариялар нисбати - миллионга бир. Шундай экан, АЭСга нисбатан бундай стереотипни ҳам мана шундай хабардор қилувчи марказлар орқали йўқ қилиш керак".

Абдурашид Абдуқодиров

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг фан, таълим, маданият ва спорт бўйича аъзоси Абдурашид Абдуқодиров:

"Атом энергетикаси бўйича ахборот маркази ва ўқув маркази фаолиятини ташкил этиш икки энергоблокни қуришнинг олдида ҳеч нарса эмас. Нововоронежга келиб, ҳар иккиси ҳам аҳоли учун қанчалик зарур ва фойдали эканини ўз кўзимиз билан кўриб гувоҳ бўлдик. Шунинг учун, фикримча, Ўзбекистонда атом энергетикасига доир билимлар улашувчи ахборот маркази ҳам, ўқув маркази ҳам ташкил этилиши керак. Биринчидан, бу бизда янги соҳа, иккинчидан, бу мамлакат ривожига катта ҳисса қўшадиган, барқарор энергия билан таъминлайдиган соҳа. Нововоронежга келишимиздан олдин эшитган гапларимиздан келиб чиқиб, АЭС қурилишига оид бироз бўлса-да шубҳа бор эди, бу ерда берилган тўлақонли маълумотлардан, ўз кўзимиз билан кўрган аниқ фактлардан келиб чиқиб, депутатларнинг ҳеч бирида шубҳага ўрин қолмади. АЭС қурилиши Ўзбекистон ривожига, фаровонлигига хизмат қиладиган воқеа бўлишига ишонч ҳосил қилдик. Бу бугунги кунда барча ҳудудларимизни барқарор электр энергия билан таъминлашда мавжуд муаммоларни бартараф этиш имконини беради".

Лола Рахманбаева

Мавзу
Ўзбекистонда биринчи АЭС қурилиши
Ўзбекистонда Россия билан ҳамкорликда биринчи Атом элект станцияси қурилиши бўйича ҳаракатлар бошланди
Барчаси
Top