14:26 / 18.01.2019
5765

“Ёшлар пресс-клуби”нинг навбатдаги сессиясида мактабгача таълим тизимидаги масалалар муҳокама қилинди

Куни кеча “Ёшлар пресс-клуби”нинг “Мактабгача таълим: муаммо, ислоҳот, ечим” мавзусида навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Сессия муҳокамасида спикер сифатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг раҳбар ва масъул ходимлари, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси масъул ходимлари, Тошкент давлат педагогика университетининг тажрибали педагоглари, МТМ мудиралари, ёш оила вакиллари, журналистлар, талабалар, Ёшлар иттифоқи фаоллари иштирок этди.

Фото: Ёшлар пресс-клуби

Ушбу пресс-клуб Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида” 2017 йил 5 июлдаги ПФ-5106-сон фармони, “Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 30 сентябрдаги ПҚ-3955-сон қарори, 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш, мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлардан аҳолини, айниқса ёш оилаларнинг хабардорлигини ошириш мақсадида ташкил этилди.

Фото: Ёшлар пресс-клуби

Таъкидлаш жоизки, бугун мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг барча жабҳаларида туб ислоҳотлар ўтказилмоқда. Бу ўзгаришлар Мактабгача таълим вазирлигини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Президент ташаббуси билан 2017 йилнинг 30 сентябрида Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Ўтган даврда вазирлик мактабгача таълим тизимини барқарор ривожлантиришга йўналтирилган ислоҳотлар ва ўзгаришларни амалга оширди.

Фото: Ёшлар пресс-клуби

Жумладан, мактабгача таълим тизимини яхлит узлуксиз таълим тизимининг муҳим бўғини сифатида янада такомиллаштириш, болаларни ҳар томонлама интеллектуал, маънавий-эстетик ва жисмоний ривожлантирувчи замонавий таълим дастурлари ва технологияларини таълим-тарбия жараёнига жорий этиш, уларнинг мактабга тайёргарлик даражасини тубдан ошириш кўзланди.

Фото: Ёшлар пресс-клуби

Мактабгача таълим муассасалари тармоғини ривожлантиришни тавсифловчи асосий кўрсаткичлар бири бу – 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларни МТМга жойлаштиришдир. Бугунги кунда республикада 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 2,5 миллиондан ортиқ болалар мавжуд. Улардан 941 078 нафари мактабгача таълим тизимига жойлаштириш ёшида. Айни дамда уларнинг 37,7 фоизи мактабгача таълим тизимига қамраб олинган. Мактабгача таълим тизимида болаларнинг қамраб олиниши 2017 йилнинг сентябрь ойида 27,7% ни ташкил этган эди.

Фото: Ёшлар пресс-клуби

Давлат ва хусусий мактабгача таълим муассасалари тармоғи ҳам сезиларли даражада ривожланди. 2017 йилда республикада 5211 та мактабгача таълим муассасаси мавжуд бўлган бўлса, 2018-йилга келиб 6 669 тага етди. Шулардан 5641 таси жамоат, 639 таси хусусий ва 389 таси давлат-хусусий шерикчилиги асосида иш юритяпти.

Фото: Ёшлар пресс-клуби

Нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ва мактабгача таълим хизматлари соҳасига бизнесни жалб қилиш мақсадида давлат-хусусий шерикчилиги бўйича қатор қарорлар қабул қилинди. 2018 йил бошида нодавлат мактабгача таълим муассасалари сони 257 тани ташкил этган бўлса, 2018 йилнинг декабрь ойида 1028 тага етди.

Фото: Ёшлар пресс-клуби

Пресс-клуб сессиясида ўтган йил давомида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди. Мактабгача таълим тизими фаолиятини такомиллаштириш бўйича қонунчиликдаги ўзгаришлар, МТТга қабул ёши, ёш оилалар фарзандлари ва махсус соҳалар вакилларини МТМга қабул қилиш бўйича имтиёзлар, имконияти чекланган болаларни МТМга қабул қилиш жараёни, нодавлат мактабгача таълим тизими фаолиятининг ўзига хослиги, МТМда гигиена ва болалар овқатланиши, таълим методологияси, тили, педагог кадрлар салоҳияти каби қатор масалалар муҳокама қилинди. Таклифлар берилди.

Фото: Ёшлар пресс-клуби

Хулоса, ўрнида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ёшлар иттифоқига мурожаат қилган ёш оила вакиллари, қолаверса, кўрсатув орқали бутун республикамиздаги ёш оилалар мактабгача таълим тизимидаги қатор янгиликлар, ислоҳотлар ҳақида аниқ, лўнда, асосли маълумотларни олиш имкониятига эга бўлди.

Top