Жамият | 18:02 / 28.05.2019
24914
3 дақиқада ўқилади

Ёш тадбиркор Ёшлар пресс-клубида: «Ҳоким менга сиёсатга қарши кетма деди»

28 май куни Ёшлар пресс-клубида Ёшлар иттифоқи ва Олий суд томонидан имзоланган меморандум ижроси юзасидан тадбиркорлик субъектлари ва ёш тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Тадбирда Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси Солиев Сарвар, Шайхонтоҳур туман маъмурий суди раиси Санжар Зулунов, Тошкент шаҳар Марказий банки юридик бўлими ходими Даврон Нуриддинов ва бошқа суд-ҳуқуқ соҳаси мутахассислари қатнашди. Йиғилишда ҳозирги кунда бажарилаётган ишлар ҳуқуқ вакиллари томонидан тушунтирилди.

«Иқтисодий-процессуал кодексга ўзгартиришлар киритилди, шунингдек тадбиркорларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2019 йил 14 май куни Президентимизнинг «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Бу ўзгаришлар натижасида иш юритишда соддалаштирилган тартибда иш юритмоқдамиз. Энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баробари миқдоридаги ишлар, якка тартибдаги тадбиркорлар ишларида эса 5 баравар миқдоридан кам бўлган ишлар тарафлар иштирокисиз ҳам мавжуд ҳужжатлар асосида кўриб чиқилиши белгиланди. Маъқул бўлса тарафларни келиштириш чораларини кўриш ишлари йўлга қўйилган», дея маълум қилди туманлараро суд раиси.  

Йиғилишда қатнашаётган ёш тадбиркорлар томонидан бир неча саволлар берилди.

Даставвал, сергелилик ёш тадбиркор Абдулазиз Мўминов ўз эътирозларини билдирди. Унинг шикоятига кўра, 3 ой вақтдан бери турли идоралар, хусусан банк, ҳокимият идораларида сарсон бўлаётганини билдирди. Кредит масаласида ҳам имтиёзли 7 фоиз кредит ва уларни қисқа муддатда тақдим этиш амалда бўлмаётганини айтди. Бу эътироздан сўнг, Марказий банк вакили мурожаатчининг телефон рақамларини ёзиб олди ва ўрганиб чиқишга ваъда берди.

Ёш тадбиркорлардан яна бири Бобур Игамбердиев ҳам ўз эътирозларини айтиб ўтди. Унинг шикояти тадбиркорлик эмас, турар-жой масаласида эди.

«Мен Юнусобод туманида истиқомат қиламан. Уйим Бўзсув канали ёқасида жойлашган. Сув бўйининг 15 метр қисмини ободонлаштириш ишлари белгиланган. Менинг ҳовлим ободонлаштириш қисмига кириб қолган. На «снос»га қарор чиқяпти, на компенсацияга илиняпти. Баҳорда келиб ҳокимият томонидан газ ва светни ўчириб кетишди. Халқ қабулхонасига ариза ёзганимдан кейин келиб ёқиб кетишди. Юнусобод тумани ҳокимияти томонидан ҳеч қандай муносабат бўлмади. Юнусобод ҳокими билан юзма-юз гаплашгандим: «Сен сиёсатга қарши кетмагин», деб айтганди. Мен сиёсатга қарши кетганим йўқ. Менинг икки ёш болам бор. Менга яшаш учун битта жой беринглар, жойимни давлатга бузиш учун беришга розиман дедим. Хуллас, компенсация ҳам йўқ-да», дея маълум қилди мурожаатчи.

Суд вакиллари ушбу мурожаатни кўриб, ўрганиб чиқишларини айтишди.

Йиғилишда шунингдек, Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг бош юристконсульти Гўзал Турсунбетова нутқ сўзлади.

Баҳодир Аҳмедов
Тайёрлаган Баҳодир Аҳмедов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид