15:01 / 28.01.2019
31468

Роберто Карлос Тошкентда ёш футболчилар учун мастер-класс ўтказди (фоторепортаж)

Бугун, 28 январь куни бразилиялик футбол афсонаси Роберто Карлос Тошкентда бўлиб турибди. У тушга яқин Ўзбекистон футбол ассоциациясида бўлиб, раҳбарият вакиллари билан учрашди.

Учрашув аввалида ЎФА бош котиби Сардор Раҳматуллаев меҳмонни юртимизда кўриб турганидан хурсанд эканини билдирди ва унга ўзбек футболи, унга давлат томонидан қаратилаётган эътибор хусусида қисқача маълумот берди. Ўз навбатида Роберто Карлос ташрифидан мамнунлигини айтиб, бу Ўзбекистонга сўнгги марта келиши бўлмаслигига умид билдирди.

«Ўзбек футболи билан танишман. Ўзбекистонлик ўйинчилар билан бирга ўйнаганман. Масалан, Одил Аҳмедовни ҳамма билади. У – юқори классдаги футболчи», – дея таъкидлаб ўтди Роберто Карлос.

Учрашувда ЎФА раҳбарияти томонидан ЖЧ-2002 чемпионига эсдалик совғалари, хусусан Ўзбекистон терма жамоаси либоси топширилди; меҳмонга ўзбек дўпписи ва миллий чопон кийдирилди.

Шундан сўнг Роберто Карлос ЎФА қошидаги майдонда ёш футболчиларга мастер класс ўтказди. «Ҳозирги мастер-классдан анча нарса ўрганасизлар, деб умид қиламан. Сизларнинг ёшингизда ҳар куни эрталаб отам билан машғулотларга чиқардим. Менда ҳам худди сизлардагидек орзу бўлган: терма жамоада ва орзумдаги клуб «Реал»да ўйнаш. Шунинг учун машқ қилардим», – деди машғулот олдидан Карлос.

Машғулотлардан кейин Роберто Карлос ва Азамат Абдураимов, Шуҳрат Мақсудов, Виктор Карпенко, Баҳодир Аҳмедов, Зайниддин Тожиев, Элдор Магдеев, Алексей Рошчин, Александр Хвостунов каби ўзбек футболининг фахрий юлдузлари иштирокида ҳар бири 7 дақиқадан икки бўлим давом этган футбол матчи ўтказилди. Унда нуфузли меҳмон ҳар иккала жамоа таркибида бир бўлимдан тўп сурди. Ўйин 2:1 ҳисобида, иккинчи бўлимда таркибида Роберто Карлос ўйнаган жамоа фойдасига якун топди, голлардан бирига «Реал»нинг собиқ ҳимоячиси муаллифлик қилди..

Куннинг иккинчи ярмида Роберто Карлос А.П.Хлебушкина номидаги Меҳрибонлик уйига ташриф буюради, шундан кейин матбуот анжуманида иштирок этади.

Видео: Tas-IX

Top