12:48 / 29.01.2019
31098

«Бу уйнинг бадбўй ҳидига чидаб бўлмаяпти» - Урганч шаҳри марказидаги бинонинг аҳволи

Сўнгги йилларда аҳолининг уй-жойларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида, ҳукумат томонидан кўплаб қарорлар қабул қилинди, дастурлар амалга оширилди. Натижада, қисқа вақт ичида янги, замонавий уй-жойлар барпо этилди, уларнинг сони ошиб, шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси янгиланмоқда. Аммо сифати-чи? Янги уй-жойларнинг қурилиш ишлари сифатли бажариляптими? Уларни барпо қилишда сифатли материаллардан фойдаланилмоқдами? Бу уй-жойларга кўчиб ўтган одамлар узоқ йиллар давомида барча қулайликлардан баҳра олиб, бемалол яшаш имкониятига эга бўладиларми?

Kun.uz таҳририятига Хоразм вилояти, Урганч шаҳри Ал-Хоразмий кўчаси 52-уйда истиқомат қилувчи кишилардан тушган мурожаат мазмуни ҳам шу ҳақда. Унда 4 қаватли уйнинг канализация тизими нотўғри ўрнатилгани боис, ертўласи оқава сувлари ва чиқиндиларига тўлиб кетгани, санитария-гигиена ҳолати жуда ёмонлашиб, бу ҳолат бир неча йиллардан бери аҳолини қийнаб келаётгани ёзилган.

Бу уй «Хоразм дон маҳсулотлари» АЖ буюртмаси асосида «Жанубгазқурилиш» ташкилоти томонидан барпо қилинган ва 2014 йилда фойдаланишга топширилган. Биринчи қавати нотурар жой сифатида фойдаланиш учун мўлжалланган, 2-4 қаватларидаги хонадонлардан аҳоли турар жой сифатида фойдаланмоқда.

Шаҳарнинг қоқ марказидаги бу бинони кўздан кечирдик, нотурар ва турар жойларга кириб кўрдик, тадбиркорлар ва турар жой эгалари билан суҳбатлашдик, шикоятнинг ўринли экани маълум бўлди. Бинога киришингиз билан димоғингизга бадбўй ҳид урилади. Канализация тизимидаги авария натижасида, ертўласи оқава сувлар ва чиқиндиларга тўлиб ётибди. Бундан ташқари, хонадонларнинг деворларига зах ўтиб, сувоқлари тўкилиб, таъмирталаб бўлиб қолган.

Бинонинг 1-қаватида жойлашган инновацион мактаб ходимининг сўзларини эшитамиз.

«Биринчи қаватдаги нотурар жойни ижарага олиб, инновацион мактаб ташкил қилдик. Чиройли кўринишга келиши учун жуда катта маблағ сарфлаб, таъмирладик. Аммо канализация тизимидаги носозлик панд бермоқда – хоналар бадбўй ҳидга тўлиб, сассиғига ўтириб бўлмай қоляпти. Бу ҳолатдан ота-оналар ҳам норози. Яқинда таъмирланади, ҳаммаси яхши бўлади, деб уларни бир амаллаб тинчлантириб турибмиз. Бундан ташқари, ертўладаги зах туфайли, деворларнинг сувоқлари тушиб кетяпти, таъмирлаш учун сарфлаган маблағимиз ҳавога совурилмоқда», - деди у.

Компьютер ўйинлари клуби бошқарувчиси Рима Искандарова ҳам шу мазмундаги сўзларни айтди.

«Сассиқ ҳиддан бу хоналарда ўтириб бўлмай қолади. Мижозлардан номус қиламиз. Бундан ташқари, деворларимизга зах ўтиб кетган. Бир неча марта ўз ҳисобимиздан канализацияни таъмирладик. Аммо ҳар сафар усталар буни вақтинчалик эканидан огоҳлантиришмоқда. Чунки канализация тизими нотўғри ўрнатилган экан. Ёзда бу хоналардаги сассиқ ҳиднинг дастидан, чивин ва пашшалардан умуман ўтириб бўлмай қолади», - деди у.

Шу бинодаги турар жой эгаси Маҳмуд Сапаев ҳам шундай фикрларни баён қилди.

«Бинонинг канализация тизими жуда сифатсиз ўрнатилган. Биз ҳар сафар ўз ҳисобимиздан уни таъмирлаяпмиз, аммо фойдаси бўлмаяпти. Ертўла оқава сувлар ва канализация чиқиндиларига тўлиб кетган. Бир неча йиллардан бери мана шундай шароитга чидаб яшаяпмиз.

Кўплаб идораларга мурожаат қилдик, аммо натижа бўлмаяпти. Ўз ҳисобимиздан таъмирлаймиз, аммо бефойда. Бир неча кундан сўнг аҳвол яна такрорланади. Жуда катта пул сарфлаб, уй харид қилган бўлсак, унинг канализация тизими нега тайёр ҳолатда топширилмади?! Нега биз уни қайта ўрнатиш учун яна катта пул сарфлашимиз керак?!», - дейди у.

Шу бинодаги хонадон эгаси Каримбой Жаббаровнинг фикрини эшитамиз.

«Канализациянинг сассиғидан уйимизда ўтиролмаймиз. Бу ерда қандай яшаш мумкин? Ҳатто, болаларимиз ҳам бундай уйда ўтирмаймиз, кўчани айланиб келайлик деб хархаша қилишади. Бир неча марта ўз ёнимиздан пул сарфлаб, канализацияни таъмирдан чиқардик, аммо бефойда. Катта пулга бу уйни сотиб олган бўлсак, нима учун у тайёр ҳолатда топширилмади?! Нега қурилиш ишлари чала ва сифатсиз бажарилди?!», - деди у.

52-уйнинг канализация тизимини Урган шаҳар Давлат санитария-эпидемиология назорат марказининг коммунал-гигиена бўлими ва Урганч шаҳар Оқава сув бўлими ходимлари билан ўргандик. Натижада, уйнинг канализация тизимини ўрнатишда қурилиш меъёрлари бажарилмагани ва унинг нотўғри ўрнатилгани аниқланди. Канализация қувурлари контр-нишаблик билан ўрнатилмаган, натижада, оқава сувлар бино ташқарисидаги канализация қудуғига чиқиб кетиш ўрнига қувурлар ичида қолиб кетмоқда. Бундан ташқари, қувурлар бир-бирига нотўғри туташтирилган. Натижада, юқори қаватлардан тушган оқава сувлари катта босим билан туташган жойларни ёриб чиқиб, ертўлага оқиб кетмоқда.

Қайд этиш жоизки, 52-уйдаги хонадон эгалари хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати (ХУЖМШ) билан шартнома имзоламаган. Бироқ, имзолаган тақдирда ҳам, ХУЖМШ фақат жорий таъмирлаш ишларини олиб бориши мумкин холос. Ваҳоланки, бу уйнинг канализация тизими тўлиқ демонтаж қилиниб, қайтадан ўрнатилиши керак. Бунинг учун эса катта маблағ талаб қилинади. Бу пулларни ким тўлайди? Жуда катта маблағ эвазига хонадон сотиб олган аҳоли қурилиш ишларини сифатсиз бажарган ташкилот айбини ўз гарданига олиши керакми?

Юзага келган мана шундай зиддият натижасида, 52-уйдаги аҳвол бир неча йиллардан бери ўнгланмай ётибди.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top