09:03 / 30.01.2019
3916

Инвестиция ва ташқи савдода бошқарув тизимини такомиллаштиришнинг муҳим йўналишлари белгиланди

Фото: theins.ru

Ўзбекистон Республикаси президенти “Инвестиция ва ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ҳужжат билан қуйидагилар инвестиция ва ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштиришнинг муҳим йўналишлари этиб ҳисобланади:

биринчи – рақобатбардош экспортга мўлжалланган маҳсулотларни ишлаб чиқариш мақсадида маҳаллий ва хорижий тадбиркорларга Ўзбекистоннинг устувор соҳа, тармоқ ва ҳудудларига инвестиция киритиш учун қулай инвестиция иқлими ва рағбатларни яратиш, шунингдек, ҳар бир давлат органи томонидан инвестицияларни фаол жалб қилиш ва савдони ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги вазифаларнинг сўзсиз бажарилиши;

иккинчи – мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларини ҳал қилиш учун давлат молиявий воситалари, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг қарз ресурслари ва техник кўмаклашиш воситалари (грантлари)дан фойдаланиш самарадорлигини оширишга имкон берувчи марказлашган инвестицияларнинг бошқарув тизимини яратиш;

учинчи – Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузини яхшилаш, мамлакатнинг иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларини жадал ривожлантиришни таъминлаш, илғор технологияларни трансфер қилиш учун хорижий, шу жумладан, тўғридан-тўғри инвестицияларни кенг жалб қилиш, ишбилармонлик ва инвестиция иқлимини босқичма-босқич такомиллаштириш;

тўртинчи – республиканинг иқтисодий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда давлат органлари ва тадбиркорлик субъектларининг хорижий инвесторлар, савдо бўйича ҳамкорлар, хорижий ҳукумат ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро самарали алоқаларини таъминлаш;

бешинчи – барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида оптимал божхона-тариф сиёсатини амалга ошириш, Жаҳон савдо ташкилотига интеграциялаш, бошқа кўп томонлама савдо-иқтисодий тизимлар билан ҳамкорлик қилиш;

олтинчи – экспорт қилувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, савдо, шу жумладан, ташқи савдо инфратузилмасини, электрон тижорат тизимини босқичма-босқич ривожлантириш, мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш;

еттинчи – маҳаллий товарлар ва хизматларнинг ташқи бозорларга чиқиши учун қулай шарт-шароитларни яратиш, самарали транспорт йўлакларини шакллантириш, етказиб бериш географиясини диверсификация қилиш мақсадида замонавий логистика тармоқларини ривожлантириш;

саккизинчи – ташқи бозорларда маҳаллий товарларнинг рақобатбардошлигини ошириш учун маҳсулотни сифат жиҳатдан бошқаришнинг замонавий тизимларини кенг жорий қилишни ҳамда уларнинг халқаро стандартлар ва техник регламентлар талабларига мувофиқлигини таъминлаш, савдонинг барқарор ўсиши ва инвестиция сиёсатини фаоллаштиришни таъминловчи илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш.

Top