13:40 / 01.02.2019
21257

Метрода поездлар ҳаракатининг секинлашуви Tashkent City қурилиши билан боғлиқми?

Фото: KUN.UZ

Бир неча ойдирки, Тошкент метроси Чилонзор йўналишидаги «Халқлар Дўстлиги» ва «Пахтакор» бекатлари ўртасида поездлар ҳаракатининг секинлашиши кузатилмоқда, дея хабар беради Kun.uz мухбири.

2018 йил сентябрь ойи бошларида пойтахт ҳокимлиги ушбу участкада шпаллар (рельсларнинг тагига ётқизиладиган ёғоч ёки темир-бетон тўсин - таҳ.) ва рельслар алмаштирилаётганини маълум қилганди.

«Поездлар ҳаракатланишининг секинлашуви шпаллар ва рельсларни янгилашдаги техник регламентларга боғлиқ. Поезд тезлигини пасайтириш йўл материалларини «силлиқлаш» учун талаб қилинади. Метро составларининг секинлашиши 5 кундан 10 кунгача давом этади, йўловчиларнинг безовта бўлишига ҳеч қандай сабаб йўқ», - деганди ўшанда «Toshkentmetropoliteni» ДУК ҳаракатланиш хизмати бошлиғи Султон Қодиров.

Бироқ, орадан 5 ой муддат ўтди ҳамки, «Халклар Дўстлиги» ва «Пахтакор» бекатлари орасидаги участкада поездлар ҳаракатининг пасайиши ҳамон кузатилмоқда.

Tashkent City маъмуриятидан маълум қилишларича, метро устида ҳеч қандай бинолар қурилмаяпти.

Аммо, секинлашувнинг сабаби вибрация (тебраниш) ҳам бўлиши мумкин. Умуман олганда, пойтахт метрополитени ходимлари поездлар ҳаракати сабабли юзага келувчи тебранишларни камайтиришга ҳаракат қилмоқдалар.

Россиялик тадқиқотчилар Илья Цукерников ва Владимир Смирновнинг сўзларига кўра, паст жойлашмадаги метрополитен йўналишлари тупроқ бўйлаб ва метрополитен техник зонасида жойлашган бинолар пойдеворига тарқаладиган кучли тебранишлар манбаси ҳисобланади. Кейинчалик бу тебраниш таъсири кўтариб турувчи конструкцияларга тарқалади ва, ҳам бинолар техник ҳолати, ҳам ундаги одамларнинг санитария-гигиена шароитларига таъсир қилувчи, деворлар ва томлар тебранишига олиб келади.

Амалда тебранишларни камайтириш учун тебранишни йўқотувчи рельс қисқичлар, паст тебранишли ёки тебранишни ютувчи материалга эга рельсости асоснинг турли кўринишлари қўлланилади. 

Top