01:19 / 02.02.2019
77404

2018 йилда дунёни ўзгартирган 10 инсон

Астероидни тадқиқ этиш, ўтган асрдаги қотилликни аниқлаш ва сайёрани экологик талофатлардан қутқариш режасини таклиф этиш.

Ҳар йили Nature журнали дунёга катта таъсир кўрсатган 10 шахсдан иборат рўйхатни омма эътиборига ҳавола этади. Рўйхатнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, унга ҳамманинг оғзида бўлган бадавлат ва машҳур кишилар эмас, ёш олимлар, жамоат фаоллари, ҳуқуқшунос ва сиёсатчилар киритилади. Уларнинг тарихи буюк ишни ҳамма ҳам бажариши мумкинлигини яна бир бор исботлайди.

Валери Массон-Дельмотт — Ернинг қоровули

Ҳалокатларнинг олдини олиш йўлидаги илк қадам бу унинг яқинлашаётганини тушуниш. 2018 йилнинг октябрь ойида Экспертларнинг парламентлараро гуруҳи дунёни иқлим ўзгариши хавфи борасида огоҳлантирди: 2030 йилдан 2052 йилгача Ердаги ўртача ҳарорат саноат давригача бўлган кўрсаткичдан камида 1,5 даража кўрсаткичга ортади. Бу эса экотизимларнинг ўзгаришига олиб келади.

Агар Франциянинг Иқлим ва атроф-муҳит ҳақидаги билимлар лабораториясининг олимаси Валери Массон-Дельмотт бўлмаганида биз бу янгиликдан хабар топмасдик. У ишчи гуруҳ раисларидан бири эди. У маъруза муаллифларини тўплади, уларнинг ишини мувофиқлаштириб, ҳисобот турли мамлакат ҳукуматлари томонидан маъқулланишига эришди.

Омадни қарангки, маърузада нафақат фалокатнинг барча хатарли жиҳатлари, балки уларнинг олдини олиш усуллари ҳам акс этган.

Массон-Дельмотт ҳужжатни тайёрлашда ёши, жинси ва миллатидан ташқари унинг барча ходимлари иштирок этишини назорат қилди. Шу йўл билан у нафақат экология учун, балки илмий муҳитда ҳам камситишларни бартараф этиш борасида катта ҳисса қўшди.

Олдинда Массон-Дельмотт ва унинг ҳамкасбларини бир неча маърузалар кутмоқда. Келаси йили ер ва денгиз биомларининг ҳолатига бағишланган ишлари эълон қилинади. Эҳтимол, унинг ишлари қўрқинчли ҳалокатнинг олдини олишда ёрдам берар.

Энтони Браун — юлдузлар картографи

2018 йилнинг 25 апрелида бутун дунёдаги астронавтлар Гея фазо телескопи томонидан тўпланган 500 ГБ маълумотни ўрганиш имкониятига эга бўлишди. Бироқ телескоп маълумотни тўплади холос. Маълумотни ўрганиш билан эса Энтони Браун бошчилигидаги 400 нафар тадқиқотчидан иборат жамоа шуғулланмоқда.

Энтони даҳоларга хос ишни амалга оширгани йўқ. У маъмурий фаолият, илмий гуруҳлар билан учрашувлардан иборат ўз ишини яхши бажарди холос. Бироқ айнан унинг масъулияти ва қатъияти жами ташкилот муваффақиятини таъминлади.

Брауннинг иши ҳали охирига етганича йўқ. 2021 йилга келиб маълумотларнинг янги тўпламини қайта ишлашга тўғри келади, кейин эса яна ва яна. Бироқ олим бунга қаршилик қилаётгани йўқ. У дастур устида 20 йилдирки иш олиб бормоқда ва уни ҳаётининг муҳим қисми санайди. Энтони Браун — тажриба ва тиришқоқлик даҳоликдан кам бўлмаган натижаларни келтиришига яхши мисол бўлади.

Роберт-Ян Смитс — илм олиш имконияти учун курашчи

Кўплаб илмий журналлардаги тадқиқотлар турли грант ташкилотлари томонидан молиялаштирилади. Афсуски, бу тадқиқотлар кўпинча кенг омма вакилларига намойиш этилмайди. Уларни фақат қиммат нашрларни харид қилиш орқали мутолаа қилиш мумкин. Грант ташкилотларини эса бу қониқтирмайди. Улар илмий журнал нашрларини бойитиш учун эмас, иложи борича кўпроқ одамларни тадқиқот натижалари билан таништириш учун пул тўлашади.

Вазиятни тўғрилаш учун Европа комиссияси маслаҳатчиси Роберт-Ян Смитс очиқ имконият бўйича «S режаси»ни таклиф этди. Унга кўра, 2020 йилдан бошлаб грант асосида ўтказилган тадқиқотларни дарҳол очиқ равишда оммага эълон қилиш лозим. Ҳозирда 16 мамлакат ташаббусни қўллаб-қувватламоқда. 2020 йилга келиб улар янада кўпайиши эҳтимоли мавжуд.

Хэ Цзянькуй — геном муҳаррири

Бу хитойлик олимнинг ютуқлари илм-фан нуқтаи-назаридан жуда юқори, бироқ ахлоқ нуқтаи назаридан баҳсларни юзага келтиради. 2018 йилнинг ноябрида Хэ Цзянькуй генетик модификация қилинган илк болаларни яратганини маълум қилди. У эмбрионларни болалар туғилгач ОИВ-инфекциясига бардошли бўладиган шаклда таҳрирлади.

Бу катта жанжалларни юзага келтирди. Ҳамкасблари Хэни масъулиятсизликда айблашди. Тадқиқотчи ишлайдиган Жанубий илмий-технологик университет эса ўзининг тажрибага ҳеч қандай алоқаси йўқлигини маълум қилди. Хитой ҳукумати эса олимга ишини давом эттиришни ман этди. Тез орада Хэ йўқолиб қолди ва омма орасида бошқа кўринмади.

Айрим кишилар Хэ аслида ҳеч нарса қилмагани, ўтказилган тадқиқот бўйича ҳеч қандай исбот йўқлигини айтишмоқда. Қилишимиз мумкин бўлган ягона иш – дунёга келган эгизаклар Лулу ва Нананинг ҳаёти билан боғлиқ янгиликларни кузатиш. Бироқ Хэ Цзянькуй генетикада из қолдиргани аниқ. Эҳтимол, геном борасидаги янада янги тадқиқотлар учун йўл очгандир.

Би Инь Йо — экология қўриқлаш бўйича сиёсатчи

Малайзиялик бу аёлнинг тарихи узун ва чигал. Карьерасининг чўққисида у нефть сервис соҳасидаги Schlumberger компаниясида фаолият олиб борарди. У ерда Йо кун келиб одамлар қазилма ёқилғидан воз кечишига тўғри келишини тушунди ва сайёра учун фойда келтирадиган янги касбни ўзлаштиришга қарор қилди. У Schlumberger компаниясидаги ишини ташлаб, Оксфордга кетди ва у ерда кимёгар-технолог дипломига эга бўлди.

Малайзияга қайтгач, нафақат илм-фан, балки сиёсат билан ҳам шуғулланди. У Қонунчилик йиғилишида ўринга эга бўлди, 2018 йилда эса энергетика, илм-фан, технология ва иқлим ўзгариши вазири бўлди.

У мамлакатда био чирийдиган материаллар ишлаб чиқарилишини истайди. Бундан ташқари, 2030 йилга келиб, Йо Малайзияда тикланадиган энергия манбалари (сув, ёруғлик, ҳаво)дан фойдаланиш 20 фоизга ортиши ва электр қувватидан самаралироқ фойдаланишни режалаштирмоқда.

Макото Ёсикава — астероидлар овчиси

Японлар узоқ вақт давомида ўзларининг ерга оид муаммоларини ҳал қилишди. Энди эса йирик фазо дастурлари билан шуғулланишмоқда. Бироқ астроном Макото Ёсикаве аллақачон юқори чўққиларга эришиб улгурди. 2018 йилда олим «Хаябуса-2» миссиясига раҳбарлик қилди. Унда фазо аппарати Рюгу астероидига яқинлашди, суратга олди ва тупроқ бўйича тадқиқотлар ўтказди.

Ёсикава шахси алоҳида ҳикояга лойиқ. Фазони тадқиқ этишга уни бош қаҳрамони кичик астероидда яшайдиган «Кичик шаҳзода» китоби ундаган. Ҳамкасблари Ёсикавани «энг эзгу олим» деб аташади ва унинг бир неча лабораторияларни шовқинсиз бошқариш қобилиятига қойил қолишади. Ёсикава бор-йўғи ўз ишини бажармоқда ва фазо сирларини очмоқда.

Вивиан Слон — одам аждодлари бўйича мутахассис

Палеогенетик Вивиан Слон Сибирь ғорларидан бирида қадимги одамларнинг суякларини ўрганган. Минглаб йил муқаддам у ерда неандерталларнинг қариндошлари яшаган. Суяклар уюмида олим генлар изларини топди. Бунга ишониш қийин бўлгани учун Вивиан барини синчковлик билан текширди.

Умуман олганда, палеогенетика учун Вивианнинг кашфиётлари ҳақиқий ютуқ бўлиб, у аждодларимиз ҳақида кўпроқ билишда ёрдам беради.

Юань Цао — графенлар султони

Бу ёш хитойлик олим 18 ёшида Хитойнинг Илмий-техник университети бакалаврига айланди. Ундан кейин эса АҚШда магистратурага кирди. 2014 йилда олимлар гуруҳи билан бирга графен хусусиятини ўрганишни бошлади ва икки қатламни бир-бирига нисбатан ҳаракатлантирилса, материал ўтказувчидан изоляторга, агар бошқачасига ҳаракатлантирилса, юқори ўтказувчига айланишини аниқлади. Цао жуда кўп ишлади ва тажрибалар ўтказди. Натижада ушбу эффектни барқарор амалга оширишга эришди. Илмий оламда уни графенлар султони деб аташди. Супер қаҳрамон исмига ўхшайди гўё.

Жесс Уэйд — илмий хилма-хиллик ҳимоячиси

Статистикага кўра, Википедиядаги муҳаррирларнинг 90 фоизи эркаклар, жами биографик мақолалар орасида аёллар ҳақидаги эълонларнинг улуши бор-йўғи 18 фоизни ташкил қилади. Айрим жойларда бу борадаги кўрсаткичлар янада салбий. Масалан, тожикча Викида аёллар биографиялари 1 фоизни ташкил этади.

Жесс Уэйд бу ҳақида билгач, замонавий оламда кўп сонга эга бўлган олима аёллар тан олиниш борасида ўз улушларига эга бўлишлари лозимлигини англади. У кунига биттадан мақола ёзишни бошлади ва 2019 йилга келиб, 400 га яқин мақола ёзди.

Уэйд Лондон Империя коллежида полимерлар физикаси бўйича мутахассис. Дастлаб у бир ўзи ишлади, бироқ кейин «викотон» - аёллар ва этник камчилик вакиллари ҳақида мақола ёзиладиган ва мавжудлари тўлдириладиган тадбирлар ўтказишни бошлади. Уэйд гап фақат камситишда эмаслигини айтади. У муаллифлари аёл ва камчилик гуруҳ вакиллари бўлганлар илм-фан учун қадрли экани ва улар ҳақидаги маълумот академик ҳамжамиятни янада қудратли, ҳаётга чидамли ва ижодкор қилишига ишонади.

Барбара Рей-Вентер — ДНК изқувари

Барбара Рей-Вентер — 70 ёшли нафақадаги ҳуқуқшунос. Ҳуқуқни ўрганишгача Барбара биология бўйича магистрлик диссертациясини ҳимоя қилган. Юридик институтни тугатгач, биотехнология компанияларининг патентлари билан шуғулланган.

1990 йилда Барбара оила тарихи билан қизиқиб қолди, бироқ оддий генеалогик услублар кам эди. Тез орада у барча яқин қариндошларини генетик тест қилишга ўтди.

2015 йилда Рей-Вентер генетик генеалогия бўйича Лиза Женсон оиласини топишга ёрдам берди.

2017 йилда бу ҳақида изқувар Пол Хоулз хабар топди. У Рей-Вентерни қотилликнинг тадқиқоти учун жалб этишга қарор қилди.

Рей-Вентер генетик генеалогия ёрдамида қотилни топди ва жиноятчи собиқ полициячи Жеймс Деанжело эканлигини аниқлади. ДНК намуналарининг мос келиши айбни тасдиқлади ва жиноят тезда очилди.

Одатда мутахассислар ё ДНК ё генеалогия таҳлилини ўтказишади. Бироқ Рей-Вентер ўзида ҳар иккала кўникмани бирлаштирди ва бу қай даражада фойдали бўлиши мумкинлигини дунёга намойиш этди.

Top