18:55 / 09.02.2019
37281

Ҳамдардлик: Оққон дардидан шифо топиши учун хайрия акцияси ташкил қилинган Бобуржон вафот этди

Шу йилнинг январь ойида Kun.uz таҳририяти Тошкент шаҳри Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтидаги кўмакка муҳтож инсонларнинг зарур даво муолажаларини олишлари учун хайрия акцияси бошлаган эди. Оққон билан оғриган ўша беморларнинг орасида Тошкент вилояти Зангиота туманидан 4 ёшли Бобуржон Турдиев ҳам бор эди.

Хайрия акцияси давомида оғир дард билан курашаётган жажжи беморнинг тузалиб кетиши учун жуда кўп эзгу ниятли инсонлар яқиндан ёрдам беришга ҳаракат қилишди. Кимдир маълум маблағ, кимдир шифохонага келиб ва яна кимдир телефон қўнғироқлари орқали бемор ва унинг яқинлари ҳолидан хабар олиб, руҳан қўллаб-қувватлаб турди.

Афсуски, Бобуржоннинг умри қисқа экан. Тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатлари ҳам ёрдам бермади. Мурғак болакай 6 февраль куни ҳаётдан кўз юмди.

Унинг онаси Лола Турдиева алоқага чиқиб, машъум хабарни етказди.

“Болам оғир дардга чидаш бера олмади. Бериб қўйдик. Ўғлимнинг шифо топишини сўраб, ёрдамини, руҳий далдасини аямаган эзгу ниятли, саховатпеша инсонларга раҳматимни етказинг”, дейди унинг онаси.

Бугун таҳририятимизга Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтидан яна бир хабар етиб келди. Унга кўра, Бобуржоннинг отаси хайрия учун йиғилган маблағни шифохонада даволанаётган бошқа беморларнинг шифо топиши учун топшириб қайтибди.

Мурғак болажоннинг шифо топиб кетиши учун ўтказган хайрия акциямизда қатнашган инсонларга таҳририятимиз номидан чуқур миннатдорчилигимизни билдирамиз. Барчамизни чин инсонийлик сифатлари тарк этмасин.

Kun.uz сайти марҳум Бобуржоннинг оила аъзоларига барчанинг номидан ҳамдардлик билдиради.

Top