Жамият | 18:53 / 16.10.2019
5342
2 дақиқада ўқилади

Навоий вилоятида юрак хасталигига чалинган ёшлар даволаниши учун хайрия акцияси ўтказилмоқда

Навоий вилоятида юрак хасталигига чалинган ёшларни даволашга қаратилган «Меҳрибон юрак» хайрия акцияси бўлиб ўтмоқда. Хайрия акцияси орқали тушган маблағлар болаларнинг операциядан олдинги ва кейинги муолажалари учун сарфланади. Тиббий кўрик ва операция эса бепул амалга оширилади.

Навоий вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати мутахассиси Дилкушо Наврўзованинг Kun.uz'га маълум қилишича, хайрия орқали вилоятдаги юрак хасталигига чалинган, бугунги кунда жарроҳлик амалиётига зарурати бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, оилавий шароити оғир бўлган бемор болаларни даволатиш ва уларни соғлом ҳаётга қайтариш мақсад қилинган.

Бугунги кунга қадар акция доирасида вилоятнинг туман(шаҳар)ларидан келган ёшларнинг 20 нафари тиббий кўрикдан ўтказилди ва шифокорлар томонидан хулосалар берилди. 

Бундан ташқари, шу йилнинг 23 октябрь куни соат 17:00да «Меҳрибон юрак» хайрия акция тадбирлари доирасида шаҳардаги «Ёшлар хиёбони»да гала-концерт дастури ҳам ташкил этилади. 

30 ноябрь куни эса жарроҳлик амалаёти жараёнидан муваффақиятли ўтган ёшлар ва уларнинг ота-оналарига кўтаринки кайфият бериш мақсадида концерт дастури ташкил этиш ҳам режалаштирилган.

Маълумот учун, хайрия акцияси ташаббуси вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Кўп тармоқли тиббиёт маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган.

Мавзуга оид