10:40 / 10.02.2019
14123

Киев украиналиклар Россияга киришида қийинчиликларга дуч келаётганини таъкидламоқда

Фото: Белгород областидаги «Нехотеевка» чегара ўтказиш пункти. РИА Новости

Россиялик чегарачилар Украина фуқаролари Россия Федерациясига киришларига асоссиз равишда тўсқинлик қилишни бошлаб юборишган. Бу ҳақда Украинанинг «112» ТВ канали эфирида Украина давлат чегара хизмати раисининг ёрдамчиси Олег Слободян таъкидлаб ўтган.

Мулозимнинг таъкидлашича, сўнгги уч кун ичида Белгород областида жойлашган «Нехотеевка» ўтказиш пунктида юз нафардан зиёд украиналикларга Россияга киришга рухсат берилмаган. Слободяннинг таъкидлашича, асосан автомобилининг двигатели ҳажми 2 литрдан ортиқ бўлган украиналикларга Россияга кириш тақиқланган.

Унинг айтишича, россиялик чегарачилар мурожаатга жавобан «Нехотеевка» ўтказиш пункти штатли режимда ишлаётганини билдиришган, холос. Россия ФХХ чегара хизмати томонидан ҳанузгача расман шарҳ берилмаган.

2018 йилнинг ноябрида Украина ҳокимияти ҳарбий вазият туфайли Россиянинг 16 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркак жинсли фуқароларини бир ой муддатга Украинага киришни чеклаб қўйганди. Ҳарбий вазият тугагач, Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши Давлат чегара хизматига Россия билан чегарани кучайтирилган режимда қўриқлашда давом этиш ва бу мамлакатнинг Украинага кираётган фуқаролари устидан кучайтирилган назорат олиб бориш тавсияси берилган.

Йил бошидан буён Украинага 1,1 минг россиялик киритилмаган. Бундан ташқари, Украина президенти Пётр Порошенко 31 март куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига россиялик кузатувчиларни киритмаслик ҳақида давлат чегара хизматига буйруқ беришини эълон қилган эди.

Top