08:25 / 03.05.2024
19653

Макрон француз қўшинларини Украинага юбориш шартларини айтди

Франция президенти ўзининг аввалги позициясини такрорлаб, Россиянинг ғалабасини олдини олиш учун ҳеч нарсани истисно қилмаслигини айтди. Макрон The Economist нашрига берган интервюсида қайси ҳолатда Украинага қўшин юборишга тайёр бўлишига аниқлик киритди.

Фото: ED ALCOCK / MYOP

Франция президенти Эммануэл Макрон Украинага ғарб қуруқликдаги қўшинларини Россияни тийиб туриш воситаси сифатида юбориш имкониятини тасдиқлаб, ушбу мавзу бўйича муҳокамаларни жонлантириб юборди. «Агар руслар фронт чизиғини ёриб ўтса, Украинадан сўров бўлса, биз ҳақли равишда қўшин юбориш тўғрисида саволни беришимиз керак. Бугунги кунда бундай бўлмаяпти» деди у 2 май, пайшанба куни чоп этилган Британиянинг The Economist журналига берган интервюсида

Франция раҳбари иттифоқчиларни бундай сценарийни истисно қилмасликка чақирди, чунки бу «Европа Иттифоқи хавфсизлиги ва нуфузининг асосий шарти» бўлиб хизмат қилади. Унинг сўзларига кўра, Европанинг Россиянинг кейинги тажовузини тўхтата олиши «қизил чизиқлар бўлмаслиги»га боғлиқ. Макроннинг эслатишича, Франция ўз қўшинларини Африка давлатлари раҳбарлари сўраганда ёрдам бериш учун юборган эди. 

Россияни тийиб туришнинг аҳамияти 

«Бизнинг ваколатимиз тийиб туриш қобилиятига боғлиқ. Бунда, нима қилаётганимизни ёки нима қилмоқчи эканлигимизни ошкор қилмаслигимиз лозим. Мен ҳеч нарсани истисно этмайман, чунки биз ҳеч нарсани истисно қилмайдиган одамга дуч келдик», деди Макрон Россия президентини назарда тутиб.

Ғарб давлатлари ўтмишда Украинага танк ва самолётлар юборишни истисно этиб, жуда иккиланиб келган, деди Макрон. «Биз ўз ваколатимиз ва Россияни тийиб туришимиз контекстида нотўғри иш қилдик», деди Франция президенти ва Россиянинг феврал ойида Украинага Ғарб қўшинларини юбориш эҳтимоли ҳақидаги сўзларига «тажовузкор муносабати» бундай позиция самарадорлигини кўрсатганини таъкидлади. 

Аввалроқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Ғарб қўшинларини Украинага юбориш Россия ва НАТО ўртасида тўғридан тўғри можарони муқаррар қилиб қўйишини айтган эди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top