17:15 / 11.02.2019
17513

Самарқандда туғма нуқсон билан туғилган болалар сони нега кўпайган?

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида соғлиқни сақлаш тизимидаги масалалар кўриб чиқилди, деб хабар бермоқда Қонунчилик палатаси сайти.

Қайд этилганидек, вилоятда аҳолини патронаж хизматлари билан тўлиқ қамраб олиш бўйича ишлар талаб даражасида ташкил этилмаётган, аксарият ҳолларда патронаж хизмати фақатгина тегишли хонадон вакиллари билан суҳбатлашишдан иборат бўлиб қолаётгани ва натижада айрим туманларда касалликка чалиниш ҳолатлари кўпайган. Хусусан, 2018 йилда вилоятда туғма нуқсонлар билан туғилган болалар сони 141 нафарни ташкил этиб, 2017 йилга нисбатан 15 нафарга ёки 10,6 фоизга ошган. Айниқса, 7 та туман ва 2 та шаҳарда бу кўрсаткич кўпайган.

Шу билан бирга, сессияда вилоятда бирламчи тиббий-санитария ёрдами ҳамда стационар даволаш муассасаларининг ўзаро интеграцияси лозим даражада таъминланмаётгани, яъни айрим ҳудудларда тез ёрдам хизматига бўлган чақирувлар ҳақидаги маълумотлар тегишли оилавий поликлиника ёки қишлоқ врачлик пунктларига ўз вақтида етказилмаётгани ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари раҳбарларининг ўзлари хизмат кўрсатаётган аҳоли вакиллари олдида ҳисобот бериши ҳамда маҳаллий Кенгашлар сессияларида тегишли тиббиёт бирлашмалари раҳбарларининг ҳисоботини эшитиш амалиёти жорий этилган эди. Бироқ, 2018 йил давомида Самарқанд вилоятидаги аксарият оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари раҳбарлари аҳоли олдида бир ёки икки маротаба ҳисобот берган бўлса, айримлари эса, бу масалага деярли эътибор қаратмаган. Шу боис, Олий Мажлис қуйи палатаси депутатлари кўмагида барча шаҳар ва туманларда биттадан оилавий поликлиника ёки қишлоқ врачлик пункти раҳбарларининг ўзи хизмат кўрсатувчи маҳалла аҳолиси вакиллари олдида ҳисобот бериши намунали тарзда ташкил этилди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари Республика ишчи гуруҳининг ўрганишлари давомида аниқланган камчиликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган омилларни аниқлаш ҳамда келгусида йўл қўйилмаслиги чораларини кўриш масалаларини муҳокама қилишди.

Top