22:29 / 15.02.2019
10311

Малайзия компанияси Ўзбекистонда робототехника ишлаб чиқарувчи корхона очишни режалаштирмоқда

Фото: uzdaily

15 февралда Ўзбекистоннинг Малайзиядаги Элчиси Равшан Усмонов “TXMR” компанияси корхонасига ташриф буюрди. Усмонов у ерда компания ижрочи директори Тенгку Фарид билан учрашди.

“TXMR” нафақат Малайзияда, балки Жануби-Шарқий Осиёда саноатни автоматлаштириш ва роботлар ишлаб чиқариш бўйича етакчилардан ҳисобланади. Европа ва Осиёнинг етакчи корпорациялари компания билан ҳамкорлик қилади.

Учрашувда Ўзбекистонда хорижий инвестициялар, илғор хорижий тажриба ва ноу-хау жалб қилган ҳолда замонавий юқори технологик корхоналарни ташкил этиш муҳокама қилинди.

Малайзия томони Ўзбекистонда саноат секторини модернизация қилиш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар турларининг кенгайтирилиши бўйича кўрилаётган чораларни юқори баҳолади ва ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйишдан манфаатдорлигини билдирди. 

Учрашув натижаларига кўра “TXMR” раҳбариятининг Ўзбекистонда робототехника ишлаб чиқарувчи қўшма корхонани ташкил этиш учун апрелда юртимизга ташрифини ташкиллаштириш бўйича келишувга келинган. Бу Ўзбекистоннинг ички ва ташқи бозорлар учун рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи линиялари самарадорлигини ва рентабеллигини ошириш учун зарур шароитларни таъминлайди.    

Top