15:40 / 20.02.2019
30980

«Халқда пул йўқ, Медведев эса бинойидай чидамоқда» – Россия Думаси депутати кескин чиқиш қилди

Россия Думасининг Ёқутистондан сайланган депутати Федот Тумусов Россия монополияга қарши кураш хизматининг маҳсулотлар нархи ошиши ҳақидаги совуққон мурожаатидан сўнг кескин фикрларини билдирди. «Справедливая Россия» партиясидан сайланган депутатнинг фикрича, истеъмол маҳсулотларининг қимматлашуви нормал ҳолат эмас.

Олдинроқ Россия монополияга қарши кураш хизмати раҳбарининг ўринбосари Андрей Циганов ўтган йил давомида мамлакатда гўшт нархи 10 фоизга, тухум нархи 26 фоизга ошгани борасидаги саволга ғалати жавоб берганди: «Маҳсулотлар нархи ошиши керак, акс ҳолда ишлаб чиқарувчилар керакли миқдорда фойда ололмайдилар. Истеъмолчилар маҳсулот нархлари ошмаса, ишлаб чиқариш ривожланмаслигини тушунишлари керак». Бундай беписандлик билан айтилган гаплар турган гапки, кескин муҳокамаларга сабаб бўлди.

«Монополияга қарши кураш хизмати мавжуд рақобат маҳсулотлар нархининг пасайишига хизмат қилишини назорат қилиши керак»,- дейди собиқ меҳнат вазири Оксана Дмитриева «Комсомольская правда» газетаси мухбири билан суҳбатда.

Ёқутистонлик депутат Федот Тумусов ҳам нархлар ошишига кескин муносабат билдирди.

Фото: Федот Тумусов

«Антимонополиячиларнинг айтишича, импортни чеклаш табиий тарзда маҳсулотлар нархи ошишига олиб келади. Эмишки, фуқаролар бундан хурсанд бўлишлари керак. Одамлар аввал четдан келадиган арзон маҳсулотларни истеъмол қилишаётганди, энди эса маҳсулотлар нархи қиммат бўлса ҳам улар ўзимиздан чиқаётганига хурсанд бўлишимиз керак экан.

Жаноб Цигановнинг айтишича, нархлар ошмаса, иқтисод ривожланмайди, шу сабаб гўшт нархи 25,9 фоиз, тухум нархи 9,7 фоиз ошаётган экан. Импортни чеклашдан мақсадимиз нима эди? Маҳаллий маҳсулотлар импортнинг ўрнини босиши билан бирга нарх ҳам тушиши керак эди-ку, тўғрими? Лекин бугун тескариси бўлмоқда. Айтингларчи, бунақа импортни чеклашнинг нима кераги бор?

Бундан келиб чиқадики, импортни чеклашдан халқ эмас, аграр соҳадаги бир нечта олигархлар манфаатдор, холос. Хусусан, самолётда «Аграр лобби учун» деб қадаҳ кўтарувчи собиқ вазир (қишлоқ хўжалик вазири) Ткачёв ва охирги йилларда «кутилмаганда» ривожланиб кетган «Мираторг» холдингига бегона бўлмаган бош вазир Медведев. Дўстлар, ҳақиқат шуки, халқда пул йўқ, Медведев эса бинойидай чидамоқда...», деб сўзларини якунлаган Тумусов.

Таъкидлаш ўринлики, депутат «Медведев бинойидай чидамоқда», деб бош вазирнинг машҳур иборасига ишора қилди. 2016 йил баҳорида Дмитрий Медведевнинг Қримдаги нафақасини ололмаётган инсонларга қарата «Пул йўқ, лекин сиз чиданг», деган гапи машҳур бўлиб кетганди.

 

Top