РФ Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Сочида ёшлар билан учрашувда сўзга чиқиб, аввал рус тарихчилари ва шовинист қатлам томонидан постсовет ҳудудига нисбатан айтиб келинган даъволарни юқори даражада расмийлаштиргандек бўлди. Kun.uz унинг баёнотлари нимани англатиши ҳақида сиёсий таҳлилчилар Ойбек Сирожов ва Камолиддин Раббимов билан суҳбатлашди.

Бугун Медведевнинг Россиядаги сиёсий вазни қандай? У Москванинг қарашларини қанчалик ифодалай олади?

Камолиддин Раббимов: — Жамоатчилик ва дунё экспертлари фикрига қулоқ солсак, Медведевга берилаётган баҳо анча пастдек кўринади. Яъни гўёки у сиёсий ўйиндан чиқарилган, ҳокимиятга, ички ва ташқи векторга таъсир қилиш салоҳияти анса паст, деган қарашлар бор. Лекин менимча, бу қарашлар анча нотўғри. Медведев президентликдан кетгани билан унга берилаётган саволлар, журналистлар билан учрашувлари камайгани йўқ. Унинг чиқишлари доим Россия жамоатчилиги фикри ва сиёсий элитага таъсир қилган. Россия ҳокимияти коллектив йиғилишларида доим Путинга яқин ўтиради, муттасил равишда Путин билан учрашиб ҳам туради.

Бошқа томондан қарасак, Путин ҳокимиятга келгандан буён юқори лавозимларга чиқиб, кейин ҳокимият таркибидан чиқарилган шахслар бор, лекин Медведев билан бундай бўлгани йўқ. У доим диринчи қаторларда ўтиради, доим интервьюлар, баёнотлар беради. Агар Медведев ҳокимиятдан узоқлаштирилганда, унинг чиқишлари ҳам камайган бўлар эди.

Хулоса қилиш мумкинки, Медведев Россиядаги 10 та ёки 5 та қудратли сиёсий шахслардан бири. Медведев айтаётган гаплар Кремлдаги умумий об-ҳавони, сиёсий, геосиёсий кайфиятни Путинга нисбатан анча очиқроқ ва агрессивроқ ифодалаб беряпти.

Ойбек Сирожов: — Баёнот ички аудиторияда айтилган бўлса-да, асосан ташқи аудиторияга қаратилган эди. Европага, АҚШга, Украина ва постсовет ҳудудларига қаратилган ёндашувлар бор. Баёнотда Россия чегараси қаерда тугайди, деган масалани географик ва стратегик нуқтайи назардан асослашга ҳаракат қилинган. Стратегик нуқтайи назардан Россия чегараси ҳеч қаерда тугамайди, деди. Бу – жуда катта чақирув. Географик нуқтайи назардан эса, Путин айтган ҳудудлардан ҳам кўпроқ ҳудудни назарда тутди.

Чиқиш бошида Франция масаласини кўтариб, 210 йил олдин рус аскарлари Парижгача бориб Европада тартиб ўрнатган, керак бўлса бу иш яна такрорланади, деган фикрни айтди. Бу гаплар Макроннинг француз ҳарбийларини Украинага киритиш ҳақидаги баёнотига жавоб сифатида гапирилди. АҚШ, Германияга нисбатан ҳам ўз ёндашувларини илгари сурди. Катта Россия, кичик Россия деган тушунчаларни тилга олиб, постсовет ҳудудларини қайтариш ҳақида ҳам гапирди.