00:38 / 26.02.2019
25877

Марказий Осиёдаги энг катта масжид қурилишида 9 қурувчи жароҳат олди

Фото: Asia-Plus

Душанбеда қурилаётган Марказий Осиёдаги энг катта масжид қурилишида 25 февралда фавқулодда вазият юз берди. Бу ҳақда Asia-Plus нашри хабар берди

Қурилиш ишлари вақтида ҳавозалар қулаб, ишчилар 60 метрлик баландликдан тушиб кетишган.  

“Ҳалок бўлганлар йўқ. 9 киши турли оғирликдаги жароҳатлар билан Душанбе шифохонасига етказилган”, деб маълум қилган Тожикистоннинг фавқулодда вазиятлар ва фуқаролик мудофааси қўмитаси матбуот маркази бошлиғи Умида Юсуфи.

Воқеа жойига қўмита қутқарувчилари келиб, уюмлар остидан одамларни чиқариб олишган. 

Душанбеда Марказий Осиёдаги энг катта масжид – Марказий жомеъ масжиди қурилиши поёнига етмоқда. Бу масжидда бир вақтда 120 минг киши ибодат қилиши мумкин.

Масжид қурилиши Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг бевосита раҳнамолигида амалга оширилмоқда. Масжид тамал тоши Раҳмон томонидан 2009 йил октябрда ҳанафий мазҳаби асосчиси Имом Аъзамнинг 1310 йиллиги нишонланиши кунлари қўйилган. 

Масжид лойиҳаси тожикистонлик ва қатарлик тажрибали мутахассислар томонидан тайёрланган. Масжид ҳар бирининг баландлиги 75 метр бўлган 4 та минора, 47 метрлик бош гумбаз ва 20 та кичиқроқ гумбазлардан ташкил топади.

Масжид Душанбенинг шимолидаги 12 гектар майдонда жойлашган бўлиб, намозхоналар, кутубхона, мажлислар зали ва меҳмонларни қабул қилиш залидан ташкил топади.

Top