08:50 / 28.02.2019
20449

ИШИД етакчиси ал-Бағдодий АҚШ кўмагида эркин ҳаракатланаётгани маълум қилинди 

Фото: Flickr / The U.S. Army

Ироқлик депутат Ҳасан Салимнинг айтишича, ИШИД етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий Ироқнинг Анбар вилоятидаги чўлда америкалик ҳарбийлар ҳимояси остида эркин ҳаракатланмоқда.

Депутатнинг таъкидлашича, ал-Бағдодий Ироқ ва Сурия ўртасида ҳаракатланмоқда. Унга ҳимоя америкалик ҳарбийлар жойлашган Айн ал-Асад ҳарбий базасидан тақдим қилинмоқда. 

Депутатнинг фикрича, америкалик ҳарбийлар ИШИД етакчисини “Ироқдан хорижий қўшинларни чиқариб юборувчи қонун лойиҳаси маъқулланишидан қўрқув” сабаб қўллаб-қувватлашмоқда.  

Хавфсизлик бўйича курд эксперти Хавкар ал-Жафнинг Baghdad Today ахборот агентлигига маълум қилишича, ал-Бағдодий ҳозирда Сурияда бўлмай, Сарсар кўли ва она шаҳри Самарра ўртасидаги ҳудудда қолмоқда. У Ироқда бўлганда ўз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида маҳаллий қабилалар билан алоқаларидан фойдаланмоқда.

Ироқ парламентидаги энг йирик блок “Ал-Фатҳ” вакили Ахмад ал-Асадийнинг маълум қилишича, АҚШ қўшинларининг Ироқдан олиб чиқилиши ҳақидаги қонун март бошига белгиланган сессияда биринчилардан бўлиб овозга қўйилади. 

Парламент спикери биринчи ўринбосари Ҳасан ал-Каъабий февраль бошида Ироқ парламенти АҚШ билан хавфсизлик ҳақидаги келишувни бекор қилиш ҳақидаги қонунни ишлаб чиқмоқчилигини маълум қилганди. Бу эса америкалик ва бошқа хорижий ҳарбийларнинг Ироқдан олиб чиқилишига олиб келади.   

Top