Москва яқинидаги «Крокус Сити Ҳолл»га қуролли ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар сони расмий маълумотларга кўра 130 кишидан ошган, қурбонлар орасида болалар ҳам бор. «112» телеграм-канали эса манбага асосланган ҳолда 150 қурбон ҳақида ёзган.

Аввалроқ Москва области губернатори Андрей Воробев қурбонлар сони ошиши ҳақида айтганди.

Айни вақтда фавқулодда хизматлар томошабинлар залида харобаларни тозалашда давом этмоқда. Губернаторнинг сўзларига кўра, қутқарувчилар залга эрталабки соат 6.30 да киришга муваффақ бўлган, у бу ердаги вазиятни «ўта оғир» деб атаган.

Том биноси тундаги ҳужумдан кейин бошланган ёнғин оқибатида қулаб тушган.

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди.

Номаълум шахслар 22 март куни Москва вақти билан соат 20:00 атрофида Москва областида «Пикник» гуруҳининг концерти ўтказилиши режалаштирилган «Крокус Сити Ҳолл»да одамларга ўт очди.

ФХХ ҳужум қилганлар тўрт нафар бўлганини маълум қилган. Улар асосий кириш жойи орқали ўтишган ва фойедаги одамларни ўққа тута бошлаган, кейин эса томошабинлар залига киришган. Ҳужум вақтида ёнғин бошланиб, катта ҳудудни қамраб олган.

Теракт вақтида чиққан ёнғин туфайли «Крокус Сити Ҳолл» томи тўлиқ қулаб тушган. Фото: Россия ФВВ

Кремл матбуот хизмати хабарига кўра, Россия ФХХ директори Александр Бортников президент Путинга ушбу ҳодисага алоқадор бўлган 11 киши, жумладан ҳужумда қатнашган тўрт террорчи қўлга олингани ҳақида ҳисобот берган.

ФХХ маълумотига кўра, ушбу шахслар Брянск областида ушланган. Улар «бир неча соат фарқи билан қўлга олинган», — дея идора баёнотидан иқтибос келтирган РИА Новости.

Интернетда қўлга олиш жараёни видеоёзувлари тарқалган. Сўроқ қилинганлардан бири видеода номаълум шахслар орқали телеграмда ёллангани ва ҳужум учун унга ярим миллион рубл атрофида маблағ ваъда қилинганини айтади.

Версиялар

Ҳодисага Украина алоқадорлиги тўғрисидаги илк тахминлар 22 март куниёқ пайдо бўлганди. «Коммерсант»нинг бир қанча манбалари ҳужум қилганлар «Россия кўнгиллилар корпуси» аъзолари бўлиши мумкинлигини тахмин қилганди.

Украина разведкаси, мамлакат ташқи ишлар вазирлиги ва президент офиси маслаҳатчиси Михайло Подоляк украин кучларининг «Крокус Сити Ҳолл»га алоқадорлигини дарҳол рад этишди. Аммо кейинги куни ҳам кўплаб россиялик ҳарбий блогерлар ва бошқа таниқли шахслар рус нашрлари орқали Украина томонини терактга алоқадорликда айблашда давом этди.