10:30 / 08.03.2019
52233

Самарқанддаги 141та «сирли уй»: нега аҳоли ноқонуний қурилган бинолар ҳақда билиши керак эмас?

Самарқанд шаҳрида яшовчи Д.Умарова аслида Лутфий кўчасида давом этаётган 72-уйнинг қурилиши оқибатида пайдо бўлаётган ноқулайликлар ҳақида таҳририятимизга хат йўллаганди. Аммо ўрганиш жараёнида бу ерда янада жиддийроқ муаммо турганига гувоҳ бўлдик.

Бу манзилда қурилаётган уй Д.Умарованинг ҳовлиси ёнгинасида қад кўтарган бўлиб, бу уйдаги хонадонларнинг 56та деразасидан ҳам Умарованинг ҳовлисини «томоша қилиш» мумкин.

Қурилиш жараёнида ишчилар нигоҳидан қочиб яшаш аллақачон Умарованинг сабрини тугатган. Ҳолбуки, ҳали бу хонадонларнинг барчасига эгалари кўчиб келишади. Умарованинг қатор ташкилотларга қилган мурожаатлари жавобсиз қолмаган, бироқ, натижа ҳам келтирмаган. Бир қатор жавоб хатларида фуқаро ҳақлиги, мазкур ҳолат «яхши эмас»лиги таъкидланган, холос. Умарованинг эса боши қотган.

Келинг, масалага соддароқ ёндашамиз. Уйингиз ёнгинасидан кўп қаватли бино қурилиб, сизга ноқулайлик келтиряпти. Сиз қурилиш назорат инспекциясига мурожаат қилдингиз. Инспекция эса ростдан ҳам тегишли меъёрлар бузилганини сизга расман маълум қилади. Бошқа ташкилотлар ҳам шу каби жавобларни беради. Хўш, энди нима қилишингиз керак? Ҳар ҳолда «инспекция айтди-ку», дея лом билан кетмонни олиб қўшни бинони бузишга тушмайсиз, тушолмайсиз...

Мазкур ҳолат бўйича Самарқанд шаҳар ҳокимлиги мутасаддиларига учрашиб тамоман янги тафсилотга дуч келдик. Умарова норозилик билдираётган бино — Самарқанд шаҳар, Лутфий кўчасидаги 72-уй ЮНЕСКО бутунжаҳон мероси рўйхатига кирган ҳудудда жойлашган бўлиб, ноқонуний қурилма ҳисобланаркан. Бу ҳақда бизга Маданият вазирлиги ҳузуридаги маданий мерос департаменти Самарқанд вилояти бошқармаси мутахассислари ҳам маълум қилишди. Шундай бўлгани ҳолда Умарованинг шикоятини ўрганиб чиққан аксарият ташкилотлар бу ҳақда оғиз очишмаган.

Фуқаронинг Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига мурожаати юзасидан эса шаҳар ҳокимлиги шундай мазмунда жавоб беради:

«...ўрганиш жараёнида Д.Умарованинг қўшниси томонидан қурилаётган уй-жойдан норозилиги сабаблари кўриб чиқилди ва ўзаро келишмовчиликлар келиб чиққани сабабли фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига мурожаат этиш тўғрисида тушунтириш берилди».

Қонун нуқтаи назардан бу жавоб хатида ҳеч қандай нотўғри ҳаракат йўқ. Аммо эътибор берсангиз, хатда низоли уйнинг на манзили, на унинг кўп қаватли уй экани кўрсатилган. Агар кўрсатилганида бу ЮНЕСКО томонидан муҳофаза қилинадиган тарихий ҳудудда қурилаётган кўп қаватли уй-жой экани ойдинлашар ва нега бу уй қурилиши тўхтатилмаётганига изоҳ беришга тўғри келиши мумкин эди. Шу сабабли ҳам «қўшнининг уй-жойи» деган баҳо осонроқдек.

Ҳокимликнинг юқоридаги хати Президент виртуал қабулхонасига юборилган санага эътибор беринг — 2018 йил 3 сентябрь. Энди эса шу санадан бир ой олдин, 2018 йил 1 августда айнан ўша низоли уй бўйича юборилган хат мазмуни билан танишамиз. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги қошидаги «KAPITAL QURILISH DIREKSIYASI» давлат корхонаси томонидан 2018 йил 1 августда Самарқанд шаҳар ҳокимининг ўша вақтдаги ўринбосари Б.Элмуродовда бу уйнинг ноқонуний қурилгани ҳақда ёзма равишда, расман маълумот берилган, ҳатто муаммонинг олдини олиш бўйича ёрдам сўралган! Демак, шаҳар ҳокимлиги ҳаммасидан хабардор. Мазкур хатда мутахассислар масалани жойидаги ўрганиб:

- Ушбу турар жой биноси қурилиш жойлашуви юзасидан «ТОШБОШПЛАНЛИТИ» ДУК томонидан 2–3 қаватли спорт зал биноси қурилишига келишилгани;

- Ҳудуд шаҳарнинг тарихий қисмида бўлгани сабабли 2–3 қаватдан баланд бўлмаган бино қуришган рухсат берилгани, аммо ҳозирда беш қаватли турар жой биноси қурилгани;

- Шаҳар ҳокимининг қурилиш ишларига берилган қарорининг амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш белгиланган бўлса-да ҳозирги кунда ҳам қурилиш-монтаж ишлари давом этаётгани... мазмундаги каби ўнга яқин қоидабузарликларни санаб ўтади ва хат сўнгида мазкур ҳолат бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўришда амалий ёрдам сўралади.

Шаҳар ҳокимлиги эса қурилиш корхонасини огоҳлантириш билан чекланади, холос.

Дарвоқе, Самарқанд вилояти қурилиш назорати инспекцияси маълумотига кўра, юқоридаги кўп қаватли уйнинг қурилиш-монтаж ишларини олиб бориш учун тегишли рухсатнома олинмаган. Тадбиркорда эса бу қурилишни олиб бориш учун 2017 йилда олинган Самарқанд шаҳар ҳокимининг қарори билан берилган рухсатномаси бор. «ТОШБОШПЛАНЛИТИ» давлат унитар корхонаси томонидан бино баландлиги 2–3 қаватдан ошмаслиги белгиланган (айни вақтда ён-атрофдаги қўшниларга халақит бераётган беш қаватли турар жой биноси қад кўтариб турибди!), лойиҳа-смета бўйича ҳужжатлар экспертизаси ҳам олинмаган. Ҳолбуки, фуқаро Умарова ўтган йилдан бери (гарчи ўз муаммоси сабабли бўлса ҳам) айнан мана шу уй бўйича тегишли ташкилотларга тинмай мурожаат қилиб келади. Иш мана шу даражага келгунича қурувчиларни ҳеч ким тўхтатмагани ғалати. Иккинчи томондан, тадбиркор қўлида ҳам ҳоким қарори бор-да!

Лутфий кўчасидаги 72-уй — ноқонуний қурилишлар бўйича Самарқанддаги умумий ҳолатга битта мисол, холос. Бу каби ноқонуний қурилишлар можароси 2017 йилдан буён давом этаётгани ҳам рост.

Эҳтимол, Самарқанддек шаҳарнинг Бош режаси ҳали ҳам йўқлиги, эҳтимол, ўз вақтида қурилишларга шаҳар ҳокимлигининг рухсати берилавергани ва ёки бошқа сабаблар билан ҳозир шаҳарда қурилиш меъёрлари бузилган 159та уй бор. Бу уйларнинг 141таси вилоят миқёсида, 18таси республика миқёсида назоратга олинган.

Айни ҳолат юзасидан 132 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, шаҳар ҳокимининг 56та қарорига протест келтирилган, битта жиноят иши қўзғатилган, ноқонуний қурилган объектларни бузиш ҳақида судларга 12та даъво аризаси киритилган. 

Бу масала Бош прокуратура хатловидан сўнг республика ишчи гуруҳи назоратида турибди. Жорий йилнинг 1 мартига қадар бу каби ноқонуний биноларнинг 12таси қисман бузилиши (ҳозирча бузилган эмас), 1 апрелга қадар эса республика назоратидаги 18та уйнинг тўлиқ бузилиши кўзда тутилган.

Афтидан, келаётган 1 апрель санаси Самарқанддаги ноқонуний бинолар масаласида кўп нарсани ойдинлаштиради. Аммо масаланинг энг оғир томони ҳали олдинда. Лутфий кўчаси 72-уй ва яна бир қатор кўп қаватли уйлардаги квартираларнинг катта қисми аллақачон аҳолига сотиб юборилган. Эҳтимол, узоқ тортишувлардан сўнг (узоқ деганимизнинг сабаби — ҳар қандай ҳолатда ҳам тадбиркор қурган бинони бузиш учун суд ажрими керак, унда рухсатнома бор, ўз навбатида тадбиркор апелляция киритади, ундан кейин кассация...) ноқонуний уйлар бузилар ҳам. Аммо бу бинолардан уй сотиб олган юзлаб фуқаролар ва тадбиркорлар ўртасидаги тортишувлар, суд мажлислари, ариза ва шикоятларнинг асосий оқими энди бошланиши муқаррар. Мазкур ҳолатга қай тартибда ечим топилиши бўйича бугун самарқандликлар изоҳ кутмоқда. Ўз вақтида, ишлар газакламасдан олдин муаммони тўхтатмаган масъул ташкилотлар олдида энди яна бир катта муаммо кўндаланг бўлиб турибди. 

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,

Kun.uz мухбири.

 

ТАҲРИРИЯТДАН: Аҳолининг ноқонуний қурилаётган уй-жойларни иккиланмасдан сотиб олгани муаммоси мазкур низоларнинг жамоатчиликдан ўз вақтида сир тутилган оқибати келиб чиққани сир эмас. Агар жамоатчилик низоли ва ноқонуний барпо этилаётган уйлардан ўз вақтида хабар топганида ҳеч қачон таваккал қилиб катта пулга бу уйларни харид қилмаган, бугунги кунга келиб, муаммо гирдобида қолмаган бўларди.

Бундан атиги ўн кун олдин соҳа мутасаддилари ва қурувчилар ўртасида бўлиб ўтган мулоқотда Самарқанддаги «машҳур» 141та уй ҳақдаги маълумот журналистлар қўлидан деярли тортиб олинганига гувоҳ бўлдик. Хўш, мутасаддилар бу маълумотларни қачонгача яширмоқчи ва бундан қандай «манфаат» топади? Қачон Самарқанддаги ноқонуний қурилиш объектлари ҳақида халққа тўлиқ маълумот берилади? Токи, фуқаролар қандай харидга таваккал қилишаётганларини билишсин.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top