13:21 / 11.03.2019
9123

«Янги Балотелли»нинг порлаши, «Наполи»нинг сусткашлиги ва Италия чемпионатида турнинг бошқа воқеалари

Дам олиш кунлари Италия чемпионатида 27-тур ўйинлари ўтказилди. Унда эътиборга лойиқ бўлган бир қанча воқеалар юз берди.

«ЮВЕНТУС» «ЯНГИ БАЛОТЕЛЛИ» ГОЛЛАРИ ЭВАЗИГА ЙИРИК ҲИСОБДА ҒАЛАБА ҚОЗОНДИ

«Ювентус» ўз майдонида «Удинезе»ни қабул қилди. Массимилиано Аллегри Чемпионлар Лигасидаги «Атлетико»га қарши муҳим ўйиндан олдин, жамоа етакчиларига дам беришга қарор қилди. Аммо мезбонлар захира футболчилари билан ҳам 4:1 ҳисобидаги ишончли ғалабани қўлга киритишди.

19 ёшли ҳужумчи Мойзе Кин ўйиннинг қаҳрамонига айланди. «Янги Балотелли» лақабини олган иқтидор танаффусгача у икки марта рақиб дарвозасини ишғол қилди. 11-дақиқада Сандро тўпни жарима майдонига етказганида, Кин бир уринишда уни дарвозага киритди. 39-дақиқада жарима майдонига ёриб кириб, кучли зарба билан тўпни дарвозага йўллади. Иккинчи бўлимда эса пенальти ишлаб олди. Жан уни аниқ амалга ошириб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди. Орадан бироз ўтгач, Матюиди ўзига хос бўлмаган услубда боши билан гол урди. Шундан сўнг, мезбонлар хотиржамликка берилишди. «Удинезе» эса ўйин охирида бир гол уриб қолишга муваффақ бўлди. 

Бу натижадан сўнг, «Ювентус» 75 очко билан 1-ўринда, «Удинезе» эса 25 очко билан 15-ўринда бормоқда.

Ювентус – Удинезе 4:1 (2:0, 2:1)
8 март, «Альянц Стэдиум»
Голлар: 1:0 – 11 Кин, 2:0 – 39 Кин, 3:0 – 67, пенальти Жан, 4:0 – 71 Матюиди, 4:1 – 84 Лазанья.
Ювентус – Шченсни, Касерес, Бардзальи (Бонуччи, 25), Ругани, Спинаццола, Жан, Бентанкур, Алекс Сандро, Бернардески, Матюиди (Дибала, 72), Кин (Николусси-Кавилья, 80).
Удинезе – Муссо, Де Майо, Трост-Эконг, Нюйтинк (Опоку, 25), тер Авест (Сандро, 62), Ларсен, Уилмот (Лазанья, 46), Фофана, Зегелар, Пуссетто, де Пауль.
Огоҳлантиришлар: Ларсен (27), Пуссетто (50), Опоку (53).

ТАҚДИРГА ТАН БЕРГАН «НАПОЛИ» САФАРДА ДУРАНГ ЎЙНАДИ

«Наполи» сафарда «Сассуоло» билан ўйнади. Неаполликлар чемпионлик учун кураш аллақачон тугаб бўлганини тушуниб етишди шекилли, меҳмонга захира таркиби билан етиб боришди. Анчелотти бир қанча етакчилар – Руй, Хюсай, Кальехон, Зелиньски, Руис ва Миликни захира ўриндиғида қолдирди.

Дастлабки дақиқаларда «Наполи» фаолроқ бўлди. Аммо бир қанча хавфли вазиятларни мантиқий якунига етказиш учун футболчиларга аниқлик етишмади. Иккинчи бўлим бошида Берарди чиройли зарба йўллаб, «Сассуоло»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Шундан сўнг, Анчелотти ҳужумчилар Милик ва Юнусни майдонга туширди, «Наполи» эса босимни кучайтирди. Ўйин якунланишига 5 дақиқа қолганида Инсинье гол уриб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.

Бу натижадан сўнг, «Наполи» 57 очко билан 2-ўринда, «Сассуоло» эса 32 очко билан 12-ўринда бормоқда.  

Сассуоло – Наполи 1:1 (0:0, 1:1)
10 март, «Читта-дель-Триколоре» стадиони
Голлар: 1:0 – 52 Берарди, 1:1 – 86 Инсинье.
Сассуоло – Пеголо, Демирал, Пелузо, Феррари, Лирола, Данкан (Локателли, 90), Маньянелли, Рожерио, Берарди (Эл-Бабакар, 85), Бога, Журичич (Бурабия, 76).
Наполи – Оспина, Малькюи, Кирикеш (Луперто, 46), Кулибали, Гулям, Уна (Юнес, 66), Аллан, Диавара, Верди (Милик, 66), Инсинье, Мертенс.
Огоҳлантиришлар: Феррари (61), Аллан (68), Пеголо (68), Диавара (80), Бурабия (87).

«МИЛАН» АУТСАЙДЕРНИ ҚИЙИНЧИЛИК БИЛАН ЕНГДИ

«Милан» сафарда мусобақа жадвалида сўнгги ўринни эгаллаб турган «Кьево» билан ўйнади.

Беллашув тенг курашлар остида ўтди. Ҳар иккала жамоада яхши вазиятлар бўлса-да, «Милан» ўз имкониятларидан унумлироқ фойдаланди. 31-дақиқада Билья жарима зарбасини қойилмақом тарзда амалга ошириб, ҳисобни очди.

Бироқ, орадан 10 дақиқа ўтгач, «Кьево» ҳисобни тенглаштирди. Ўнг қанотдан жарима майдонига етказилган тўпни Хетемай боши билан рақиб дарвозасига аниқ йўллади. Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашаётган «Милан»га бу ўйиндаги ғалаба жуда муҳим эди ва «россонери» уни қийинчилик билан қўлга киритишди. 57-дақиқада жарима майдонига етказилган тўпни Пёнтек яқин масофадан аниқ зарба билан дарвозага киритди.

Бу натижадан сўнг, «Милан» 51 очко билан 3-ўринда қолди. «Кьево» эса 10 очко билан сўнгги ўринни эгаллаб турибди.

Кьево – Милан 1:2 (1:1, 0:1)
9 март, «Марк Антонио Бентегоди» стадиони
Голлар: 0:1 – 31 Билья, 1:1 – 41 Хетемай, 1:2 – 57 Пёнтек.
Кьево – Соррентино, Депаоли, Бани (Пуччарелли, 88), Андреолли, Барба, Диуссе (Кийине, 77), Лерис, Хетемай, Жаккерини, Межорини (Жоржевич, 77), Стемпиньски.
Милан – Доннарумма, Конти (Калабрия, 64), Мусаккьо, Романьоли, Лаксальт, Кессиэ, Биглия, Лукас Пакета (Чалҳанўғли, 54), Сусо (Борини, 84), Пёнтек, Кастильехо.
Огоҳлантиришлар: Конти (52), Жаккерини (59), Соррентино (71), Хетемай (90).

«ЛАЦИО» ФЛОРЕНЦИЯДА ОЧКО ЙЎҚОТДИ

Турнинг марказий ўйини Флоренцияда ўтказилди. «Фиорентина» ўз майдонида «Лацио»ни қабул қилди. Еврокубоклар йўлланмаси учун курашаётган жамоаларнинг ўйини ёрқин тарзда ўтди.

Биринчи бўлим римликларнинг ташаббуси остида ўтди. Улар бир қанча хавфли ҳужумларни уюштириб, 23-дақиқада ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Корреанинг тўп оширишидан сўнг, Иммобиле жуда чиройли зарба йўллаб, дарвозанинг тўққизлигини аниқ нишонга олди.

Иккинчи бўлимда «Фиорентина» уйғонди. Жамоа анча фаол ўйнаб, рақибни ўз жарима майдонига қамаб қўйди. 61-дақиқада эса ҳисобни тенглаштирди – Миральяс томонидан жарима майдонига етказилган тўпни Муриэль бир зарбада дарвозага аниқ киритди.

Ўйин охирига қадар бу ҳисоб сақланиб қолди ва табиийки, ҳар иккала жамоани ҳам қониқтирмади.

Бу натижадан сўнг, «Лацио» 42 очко билан 8-ўринда, «Фиорентина» эса 37 очко билан 10-ўринда бормоқда.      

Фиорентина – Лацио 1:1 (0:1, 1:0)
10 март, «Артемио Франки» стадиони
Голлар: 0:1 – 23 Иммобиле, 1:1 – 61 Муриэль.
Фиорентина – Терраччано, Миленкович, Пеццелья, Чеккерини (Витор Уго, 80), Бенасси, Фернандеш (Миральяс, 46), Верету, Бираги, Жерсон, Кьеза (Симеоне, 36), Муриэль.
Лацио – Стракоша, Габаррон, Ачерби, Раду (Баштуш, 83), Марушич, Милинкович-Савич, Лейва, Луис Альберто (Ромуло, 75), Лулич (Бадель, 68), Корреа, Иммобиле.
Огоҳлантиришлар: Чеккерини (42), Верету (45), Иммобиле (52), Симеоне (90).

27-ТУРНИНГ БАРЧА НАТИЖАЛАРИ

8 март
Ювентус – Удинезе 4:1 (2:0, 2:1)
Голлар: 1:0 – 11 Кин, 2:0 – 39 Кин, 3:0 – 67, пенальти Жан, 4:0 – 71 Матюиди, 4:1 – 84 Лазанья.

9 март
Парма – Женоа 1:0 (0:0, 1:0)
Гол: 1:0 – 78 Куцка.

Кьево – Милан 1:2 (1:1, 0:1)
Голлар: 0:1 – 31 Билья, 1:1 – 41 Хетемай, 1:2 – 57 Пёнтек.

10 март
Болонья – Кальяри 2:0 (1:0, 1:0)
Голлар: 1:0 – 34, пенальти Пульгар, 2:0 – 77 Сориано.

Фрозиноне – Торино 1:2 (1:0, 0:2)
Голлар: 1:0 – 42 Паганини, 1:1 – 56 Белотти, 1:2 – 77 Белотти.

Интер – СПАЛ 2:0 (0:0, 2:0)
Голлар: 1:0 – 67 Политано, 2:0 – 77 Гальярдини.

Сампдория – Аталанта 1:2 (0:0, 1:2)
Голлар: 0:1 – 50 Сапата, 1:1 – 67, пенальти Куальярелла, 1:2 – 77 Госенс.

Сассуоло – Наполи 1:1 (0:0, 1:1)
Голлар: 1:0 – 52 Берарди, 1:1 – 86 Инсинье.

Фиорентина – Лацио 1:1 (0:1, 1:0)
Голлар: 0:1 – 23 Иммобиле, 1:1 – 61 Муриэль.

11 март
Рома – Эмполи

А СЕРИЯ ЖАДВАЛИ

А СЕРИЯ ТЎПУРАРЛАРИ

20 - Кшиштоф Пёнтек (Женоа/Милан, 2 пен), Фабио Куальярелла (Сампдория, 6)
19 - Криштиану Роналду (Ювентус, 5)
17 - Дуван Сапата (Аталанта, 1)
14 - Аркадиуш Милик (Наполи)
13 - Чиро Иммобиле (Лацио, 3)
12 - Франческо Капуто (Эмполи, 2)
10 - Андреа Петанья (СПАЛ, 2), Андреа Белотти (Торино, 4), Леонардо Паволетти (Кальяри)

28-ТУР ЎЙИНЛАРИ

15 март
Кальяри - Фиорентина

16 март
Сассуоло - Сампдория
СПАЛ - Рома
Торино - Болонья

17 март
Женоа - Ювентус
Аталанта - Кьево
Наполи - Удинезе
Эмполи - Фрозиноне
Лацио - Парма
Милан - Интер

«РОМА» БОШ МУРАББИЙНИ АЛМАШТИРДИ

«Рома» клуби бош мураббий Эусебио Ди Франческони истеъфога чиқарди ва унинг ўрнига Клаудио Раньерини тайинлади.

Клуб раҳбарияти Чемпионлар Лигаси 1/8 финал босқичида «Порту» тўсиғидан ўтолмаганидан сўнг, Ди Франческо билан хайрлашишга қарор қилди. Мутахассис «Рома» клубига 2017 йил ёзида тайинланган эди.

Клаудио Раньери «Рома» учун бегона эмас – у 2009-2011 йилларда «бўрилар»ни бошқарган. 67 ёшли мутахассис ўтган ойда «Фулҳэм»дан истеъфога чиқарилган эди.

ИКАРДИ «ИНТЕР»ДАН ЎЗ ОБРЎСИНИ ТИКЛАШНИ ТАЛАБ ҚИЛДИ

«Интер» ҳужумчиси Мауро Икарди клубдаги фаолиятини давом эттириш учун бир қанча талабларни қўйди, деб ёзади Football Italia.

26 ёшли аргентиналик 13 февраль куни сардорлик боғичидан маҳрум қилинганидан бери бирор марта майдонга тушмади. Расбий сабаб – тизза жароҳати, аммо «Интер» бош мураббийи Лучано Спаллетти шифокорлар унга машғулотларда иштирок этиш учун рухсат берганини айтган эди.

Футболчининг вакили клуб бош директори Беппе Маротта билан учрашиб, бир қанча шартни қўйган. Хусусан, клуб ва Спаллетти нега уни сардорлик боғичидан маҳрум қилинганини очиқ-ойдин тушунтириш бериши ва обрўсини тиклашини талаб қилган.

«Интер» эса унинг жамоадошларидан узр сўрашини истаяпти. Футболчи эса бирор айб иш қилмаганини рўкач этиб, бундан бош тортмоқда.

Top