Аслида ўтган 5 турнинг ўзида 12 жамоа кейинги босқич масаласини ҳал қилиб улгурган. «Манчестер Сити», «Бавария», «Реал» ва «Арсенал» каби жамоалар ҳатто 1-ўринни ҳам кафолатлаб олган. Шундай бўлса-да, қолган 4 йўлланма учун бирданига 10 жамоа даъвогарлик қилаётгани, бундан ташқари, баъзи гуруҳларда 1-ўрин масаласи, баъзиларида эса,Европа Лигаси йўлланмаси ҳал қилинмагани туфайли ҳам сўнгги турлар учун қизиқиш юқори бўлиши керак. Қуйида мана шу икки кунда ўз жавобини кутиб турган беш асосий савол кўриб чиқилади.
Биринчи савол: «Манчестер Юнайтед» еврокубокларсиз қоладими?
12 декабр. «МЮ» – «Бавария», «Копенҳаген» – «Галатасарой»
Бир қараганда, бошида, ҳаммаси аниқдек туюлган бу гуруҳда инглизлар нафақат Чемпионлар Лигаси плей-офф, балки ҳатто Европа Лигасидан ҳам қуруқ қолиши мумкин. «Манчестер Юнайтед»нинг айни дамда эгаллаб турган ўрни мана шу воқеалар ривожини тақозо қилмоқда.
Гуруҳда иккинчи ўринни олиш учун «Манчестер Юнайтед» ўз майдонида «Бавария» устидан ғалаба қозониши, параллел ўтадиган «Копанҳаген» – «Галатасарой» ўйинида худди Истанбулдаги каби дуранг қайд этилиши керак. Фақат мана шу сценарийда Эрик тен Ҳаг шогирдлари Чемпионлар Лигасида курашни давом эттира олади. «Юнайтед»нинг немислар устидан ғалабаси ҳамда Копенҳагендаги дуранг бўлмаган ҳисоб «МЮ»ни Европа Лигасига юборади, Даниядаги учрашув ғолибини эса гуруҳнинг 2-ўрин соҳибига айлантиради.
«Манчестер Юнайтед» дуранг ўйнаб ҳам Европа Лигасига ўтиши мумкинми? Ҳа, бунинг учун «Галатасарой» Копенҳагенда ғалаба қозониши керак бўлади. Ўшанда инглизлар «Копенҳаген» билан тенг очко бўлиб, ўзаро ўйинларда тенглик бўлгани учун тўплар нисбатига кўра гуруҳда учинчи ўринни олишади.
Яна бир масала. Агар «Манчестер Юнайтед»ни бир четга қўйиб турсак, даъвогар икки жамоадан қайси бирида имконият кўпроқ? Очколар тенг, тўплар нисбати бўйича эса данияликларнинг устунлиги бор. Агар ушбу учрашув дуранг билан тугайдиган бўлса, ўзаро ўйинларда тенглик юзага келади ва биринчи навбатда тўплар нисбатига қаралади. Демак, агар «Копенҳаген» дуранг ўйнаса, ҳар қанақа ҳолатда ҳам еврокубокларда қолади – «МЮ» ютса, «Копенҳаген» Европа Лигасига йўл олади, юта олмаса Чемпионлар Лигаси плей-офф босқичига чиқади.

Иккинчи савол: «Реал»га ким шерик бўлади?
12 декабр. «Наполи» – «Брага»
С гуруҳи ғолиби маълум – Мадриднинг «Реал» жамоаси. Иккинчи йўлланма эгаси Неаполда бўлиб ўтадиган «Наполи» – «Брага» ўйинида маълум бўлади. Айни пайтда италияликлар рақибидан 3 очко олдинда. Қолаверса, «Наполи» Португалиядаги биринчи ўйинда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган.












