22:08 / 12.03.2019
4911

ЕИ офшорлар қора рўйхатини уч мартага кенгайтирди

ЕИ давлатлари вазирлари «солиқ гаванлари» рўйхатига 10 юрисдикцияни қўшди, дейилади Еврокомиссия хабарида. Бугунги кунга қадар офшорлар қора рўйхатига Америка Самоаси, Гуам, Самоа, Тринидад ва Тобаго, Америка Виргин ороллари кирарди. Эндиликда бу рўйхатга Аруба, Барбадос, Белиз, Бермуд ороллари, Вануату, Доминикан Республикаси, Маршалл ороллари, БАА, Уммон ва Фижи ҳам киритилди.

Еврокомиссия 2018 йилда 92 давлатдаги солиқ шаффофлигини баҳолади. Бу давлатларнинг аксарияти қонунчиликка ўзгартиришлар киритган. Эндиликда уларнинг солиқ тизимлари халқаро стандартларга жавоб беради, дейилади хабарда. Америка Самоаси, Гуам, Самоа, Тринидад ва Тобаго ҳамда Виргин ороллари 2017 йилда рўйхат тузилганидан буён солиқ тизимига ҳеч қандай ўзгартириш киритмаган. Рўйхатга киритилган қолган давлатлар эса солиқ соҳасида ўзгаришлар қилиш мажбуриятини олган, аммо мажбуриятларини бажаришмаган.  

ЕИ қонунчилиги солиқ тўлашдан қочиш имконини берадиган мамлакатлар ва ҳудудларни офшорлар рўйхатига киритади. Офшор ҳудудлар резидентлари Европа регуляторлари томонидан кучайтирилган молиявий текширувдан ўтади. 

Top