Россиянинг Украина шаҳарлари ва муҳим инфратузилма объектларига оммавий ҳаво ҳужумлари фонида Европа Иттифоқи ва унинг давлатлари Украинага инсонпарварлик ёрдами ва фуқаролик мудофаасини қўллаб-қувватлашни, хусусан, электр генераторлари ва қувват трансформаторларини етказиб беришни кўпайтиради. Бу ҳақда 17 апрелдаги ЕИ саммитининг биринчи куни якунлари бўйича берилган баёнотда айтилди.
ЕИ, шунингдек, Украинани ҳаво ҳужумидан мудофаа салоҳияти билан зудлик билан таъминлаш ва барча зарур ҳарбий ёрдам, жумладан, артиллерия снарядлари ва ракеталарни етказиб беришни тезлаштириш ва фаоллаштириш зарурлигини таъкидлайди. Унинг етакчилари, давлат ва ҳукумат раҳбарлари алоҳида мамлакатларни вазирлик даражасида зарур чораларни кўришга чақирди. 22 апрел куни Европа Иттифоқи мамлакатлари Мудофаа ва Ташқи ишлар вазирликлари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтади.
«Бизга кўп сўзлар керак эмас, бизга кўпроқ ҳарбий техника керак - уларга керак!» - деди Европа кенгаши раиси Шарл Мишел ярим тундан кейин журналистлар билан суҳбатда ЕИ қарорлари ҳақида гапирар экан. Унинг сўзларига кўра, Киевга янги қурол-яроғ ва ўқ-дорилар етказиб бериш «ойлар эмас, балки кунлар ва ҳафталар масаласидир».
Германия канцлери Олаф Шолц саммит иштирокчиларини Украинани ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан имкон қадар тезроқ таъминлашга чақирди. «Ҳамма ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини, айниқса Patriot’ни бера оладими ёки йўқми, шуни ўйлаб кўриши керак, чунки улар ушбу вазиятда жуда зарур, - деди у. - Россиянинг уруши ўта шафқатсизлик билан давом этмоқда. Украинани қўллаб-қувватлаш учун биз ҳозиргача қилганимиздан кўпроқ нарсани қилишимиз керак». Берлиннинг ўзи бир кун олдин учинчи Patriot ҳаво мудофаа тизимини Киевга топшириш ниятини эълон қилди.
Украина Европа Иттифоқи ваъда қилган нарсани кутмоқда
Украинада мавжуд бўлган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ҳисобга олган ҳолда, Киев Россиянинг нафақат Запорижжя атом электр станциясига, балки бошқа атом электр станцияларига ҳам ҳужум қилиш хавфини истисно этмайди. Президент Володимир Зеленский Европа кенгашига видео-алоқа орқали мурожаат қилар экан, шундай таъкидлади: «Буни фақат ҳаво мудофааси – Patriot, IRIS-T, SAMP-T, NASAMS каби махсус тизимлар тўхтатиб туриши мумкин. Сизда мавжуд бўлган тизимлар. Улар ҳозир керак - биз Россияни тўхтатишимиз керак, шу жумладан сизнинг хавфсизлигингиз учун».
Шу билан бирга, Зеленский Украина Қуролли кучлари ҳали ҳам ЕИдан ваъда қилинган миллионта артиллерия снарядини олмаганини ва бошқа бир қанча ташаббуслар тўлиқ амалга оширилмаганини таъкидлади. «Бу, биринчи навбатда, бизнинг аскарларимиз фронтда фойдаланиши мумкин бўлган нарсаларга таъсир қилади ва улар, афсуски, ҳали кутиши керак, - деди Украина президенти. - Сиздан етказиб бериш бўйича келишувларимизни тезлаштиришингизни сўрайман, қурол ва ўқ-дориларни биргаликда ишлаб чиқариш ҳамда зарур лойиҳаларни молиялаштириш лозим».

















