14:36 / 15.03.2019
33156

Яқин бир ой ичида Гиннесcнинг рекордлар китоби ўзбекистонликлар томонидан яна бир бор забт этилиши мумкин

Гиннесcнинг рекордлар китобида ўзбекистонликлар номи яқин бир ой ичида яна бир бор қайд этилиши мумкин. 

Бунинг учун ўзбекистонлик китобхонлардан 2019 йилнинг 10 апрель санасида  китоб мутолаасидаги энг кўп тингловчи аудиториясини йиғиш бўйича ўзидан аввалги рекорд натижани янгилаши талаб этилади. Рекорд 2018 йилнинг 3 март куни Ҳиндистоннинг Махараштра штатида 6 минг 786 нафар китобхон иштирокида ўрнатилган. 

Ҳаракатнинг бевосита ташаббускорларидан бири бўлган Kun.uz журналистига кўра, мазкур рекордни янгилашга бўлган ҳаракатлар Республика ёш ижодкорлар кенгаши ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланган. Жумладан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи лойиҳани  етарли маблағ билан таъминлайди.

Рекорд ўрнатишга ҳаракат куни сифатида  2019 йилнинг 10 апрель куни танлангани бежиз эмас. Айнан ушбу сана ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирийнинг таваллуд куни ҳисобланади ва 2019 йилда ёзувчининг 125 йиллиги кенг нишонланади. Умумий мутолаа китоби сифатида «Ўткан кунлар» романи танланган.

Жараён   Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида ўтиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 8 сентябрь куни ўзбекистонлик ошпазлар томонидан соф оғирлиги 7360 килограммли мега палов тайёрланган ҳамда ушбу мегапалов Гиннесcнинг рекордлар китобидан жой олган эди.

Top