Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" романи асосида мюзикл яратилмоқда. Бу ҳақда Халқаро форумлар саройида ўтган давра суҳбатида маълумот берилди. Тадбирда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кенгаши раисининг ўринбосари Саида Мирзиёева, мюзиклни яратиш бўйича ижодий гуруҳ аъзолари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Саида Мирзиёеванинг айтишича, бу мюзиклнинг томошабинлар эътибор марказидаги дурдона асарга айланиши жуда муҳим.

“Биз учун ўзбек халқи қиёфаси, унинг тарихи ва маданияти донғини дунёга таратишни, ўзбек адабиётининг жаҳон манзарасидаги нуфузини оширишни давом эттириш ниҳоятда муҳим. Бу қизиқарли, талабгор ҳамда ўзаро англашув учун зарур эканини тушунамиз. “Ўткан кунлар” романида гавдалантирилган ХIХ асрдаги Марказий осиёлик кишиларнинг тарихи ҳамда муаллифнинг шахсий ҳикоялари барчани илҳомлантиради – деган умиддамиз”,— леди тадбирда нутқ сўзлаган Мирзиёева.

Мазкур мюзиклни суратга олиш ишлари кейинги йил давомида бўлиб ўтади ва лойиҳа ўша йил сўнгида жамоатчиликка намойиш этилиши кутилмоқда.

“Бу лойиҳа доирасида қатор тадбирлар амалга оширилади. Мюзикл – жуда ҳам мураккаб жанр бўлиб, чунки бундай кўринишдаги саҳна асарлари аудиторияга тушунарли қилиб ишланиши зарур.

Менинг фикримча, “Ўткан кунлар” ҳеч қайси китобхон, томошабиннинг эътиборидан четда қолмаган асар ҳисобланади. Мана унинг ёзилганига аср бўлса-да, авлодлар буни севиб қабул қилмоқда. Шунингдек, асардаги воқеалар мюзиклнинг жанр формуласига тушиши мумкин. Шунинг учун ҳам айнан “Ўткан кунлар” асари танлаб олинган”, – дейди киношунос, санъатшунослик фанлари доктори Нигора Каримова.

Маълумотларга кўра, ушбу мюзиклни яратиш устида ўзбекистонлик ҳамда хорижлик саҳна усталари, драматурглар, либослар бўйича рассомлар, аранжировкачи, хореографлардан иборат байналмилал жамоа иш олиб боради.

Актёрлар таркиби эса миллий кино ва театр санъаткорларидан иборат бўлади.

Таниқли саҳналаштирувчи режиссёр Алексей Франдетти мюзиклнинг бош режиссёри ҳисобланади. У 1984 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган режиссёр илк марта 2013 йилда Кирилл Серебренников билан ҳамкорликда “Баҳорнинг уйғониши” асарини саҳналаштирган. Франдетти “Россия Култура” телеканалининг “Катта мюзикл” лойиҳасининг ташаббускори саналади. Режиссёр кўплаб мукофотлар, хусусан, “Олтин ниқоб” театр мукофотини қўлга киритган бўлиб, 2022 йилдан буён Москвадаги “Ленком” театрининг бош режиссёри сифатида ишлаб келмоқда.