22:52 / 18.03.2019
9265

Андижон ИИБ «Қуролланган ўта хавфли гуруҳни қўлга олиш» ўқув-машғулотини ўтказди

Андижон вилоятида ички ишлар бошқармасининг махсус жанговар бўлинмалари томонидан қуролланган ўта хавфли гуруҳни қўлга олиш ва гаровга олинган фуқароларни озод қилиш бўйича вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи раҳбарлиги остида махсус-тактик ўқув машғулоти ўтказилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Машғулот давомида шартли равишдаги “жиноий тўда”нинг Андижон шаҳар ҳудудидаги маҳаллалардан бирига кириб олгани аниқланиб, бир вақтнинг ўзида махсус режалар ҳаракатга келтирилди. Шу билан бирга мазкур маҳалла ҳудудида тезкор профилактика ва ялпи қидирув тадбирлари ўтказилди.

 “Ўқув режаси”га кўра маҳаллада қочиб яширинишга ҳаракат қилган шартли бир гуруҳ қуролланган шахслар шаҳар ҳудудидан чиқиб кетишга уриндилар, бироқ шаҳарнинг ташқи ҳалқа қисмида хизмат олиб бораётган ходимларнинг қаршилигига дуч келиб, яшириниб олди.

Қуролланган ўта хавфли гуруҳ тақибдан яшириниш мақсадида йул четидаги қурилиш ишлари олиб борилаётган бинони эгаллаб, бинодаги ишчиларни гаровга олди. Террорчилик ҳаракатлари содир этишни мақсад қилган қуролланган шахсларни қўлга олиш ва уларни зарарсизлантириш бўйича махсус операция ўтказилиб, гаровга олинган шахслар озод этилди.

Ўқув машғулоти давомида махсус вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди хизматчиларининг амалий кўникмалари намойиш қилинди. Машғулотлар якунида ички ишлар органлари шахсий таркибининг жанговар ва касбий тайёргарлигига баҳо берилиб, ҳаракатлар давомида йўл қўйилган камчиликлар юзасидан топшириқлар белгилаб берилди.

Андижон ИИБ матбуот хизмати

Top