15:00 / 18.03.2019
18259

Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш тўғрисидаги низом тасдиқланди

Фото: Depositphotos

Вазирлар Маҳкамасининг “Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш нормалари ва қоидаларига, шунингдек, табиатни муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиниши устидан белгиланган тартибда қатьий назорат ўрнатади.

Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олишга рухсат бериладиган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия унинг эгасига белгиланган ҳудудда қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш ҳуқуқини беради, бунда қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошларни қазиб олиш ҳуқуқига алоҳида лицензия олиш талаб қилинмайди.

Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олишга рухсат бериладиган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳар йили тасдиқланган қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олишга рухсат бериладиган ер қаъри участкалари бўйича уларни қазиб олиш учун берилади.

Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун ишончли, аниқ контурлари ва чегаралари кўрсатилган ер қаъри участкалари, шу жумладан, ўлчамлари 1 гектардан ортиқ бўлмаган сочма олтин конлари берилади.

Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензияларга Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган жисмоний шахслар ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат рўйхатидан ўтган юридик шахслар талабгор бўлишлари мумкин.

Лицензияни ёки ер қаъри участкасидан (тўлиқ ёки қисман) фойдаланиш ҳуқуқини учинчи шахсга бериш (топшириш), шунингдек, битта ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензияни бир неча шахсга беришга йўл қўйилмайди.

Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш лицензияда назарда тутилган шартларга мувофиқ амалга оширилади. 

Ер қаъри участкаларидан фойдаланишнинг асосий шартларига “Ер ости бойликлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 33, 35, 37, 40 ва 43-моддалари билан белгиланган шартлар киради.

Ер қаъри участкаларидан фойдаланишнинг намунавий шартлари Давлат геология қўмитасининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади ва зарурат бўлганда белгиланган тартибда оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши мумкин.

Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш шартларида:

қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олишнинг рухсат этилган усуллари ва воситалари, шунингдек, фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, механизмлар ва техникага қўйиладиган талаблар;

қазиб олинган қимматбаҳо металларга эгалик қилиш ҳуқуқи;

ер қаъри участкаларидан фойдаланишнинг чекланиши, тўхтатиб қўйилиши ёки муддатидан олдин тўхтатилиши мумкин бўлган шартлар;

ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи тугатилгандан сўнг ер қаъридан фойдаланувчилар зиммасига ер қаъри участкаларини рекультивация қилиш ва уларни кейинчалик фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш мажбурияти назарда тутилади.

Top