19:30 / 18.03.2019
8348

Хайрия натижаси: Умарнинг операцияси муваффақиятли якунланди. Унинг оиласи барча яхшилардан миннатдор

Дунёда яхшилик деган хислат бор. У шундай нарсаки, аввало, у ўрнашган қалб таскин топади, иккинчидан, бир инсоннинг мушкули осон бўлиб, у бу яхшиликни бир умр эсидан чиқармайди.

Ёдингизда бўлса, сайтимиз орқали «Етти ёшли Умарнинг юраги тўсатдан уришдан тўхташи мумкин. У зудлик билан операция қилиниши зарур!» сарлавҳали хайрия акцияси эълон қилинган эди.

Унда жажжигина болакай Умар ҳақида сўз боради. Умар туғма юрак нуқсони билан дунёга келган. Оиласининг имконияти йўқлиги сабаб уни даволата олишмаган. Шундан сўнг ота-онаси ёрдам сўраб халқимизга юзланишга мажбур бўлишган эди. Шукрки, меҳрибон ва саховатпеша халқимиз бу мурожаатга беэътибор бўлишмади. Операция учун керакли маблағ йиғилди. Бугун эрталабдан яхши янгилик эшитдик. Умарнинг онаси Садоқат Тўхтаева бизга қўнғироқ қилиб операция яхши якунланганлигини, ҳозирда Умар ўзини жудаям яхши ҳис қилаётганлигини маълум қилди. Биз ҳам Умарнинг ҳолидан хабар олгани шифохонага шошилдик. Умар ва онаси билан суҳбатлашдик.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Умар ва оиласи яхши инсонлардан миннатдорлигини, уларни бир умр дуо қилишини айтиб ўтди. Барча хайрия акциясида қатнашган яхши инсонларга чин юракдан раҳматлар айтди.

Шундан сўнг шифокордан ҳам икки оғиз сўз олдик. Шифокор ҳам жарроҳлик яхши якун топганини ва яқин кунларда Умарга жавоб берилишини айтди.

Шу ўринда Kun.uz жамоаси ҳам меҳрибон ва саховатли юртдошларимизга ўз миннатдорчилигини билдиради. Бир оиланинг қувончига ва бир болакайнинг соғайиб кетишида сабабчи бўлган, инсон тақдирига бефарқ қарамаган ҳамюртларимизга қилган эҳсонларингиз Аллоҳ даргоҳида қабул бўлиб, ажр ва савобларини кўпайтириб беришини биз ҳам сўраб қоламиз. Яхшилик қилишдан чарчаманг, азиз юртдошлар!

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top