Халқ овози | 17:34 / 21.11.2018
7955
2 дақиқада ўқилади

Хайрия натижаси: халқнинг эътибори Иброҳимжоннинг дардига дармон бўлмоқда

Инсон пешона тери билан заҳмат чекиб топган ризқ-насибасидан бир улушини хайр-эҳсон қилиши ғоят машаққатли иш эканлиги оддий ҳақиқат. Бироқ қилган сахийлигингиздан бир оила манфаатдор бўлганлигини кўрсангиз кўзингиз қувнайди. Юртдошларимизнинг мададлари сабаб шундай оиланинг ёш фарзанди Иброҳим даволаниш муолажаларини бошлади.

Эсингизда бўлса, октябрь ойидаги хайрия акцияларимиздан бирида номли мақола эълон қилинган эди.

Ушбу болакай Иброҳимжон етарли маблағ йиғилгани боис даволанишни бошлаганлиги ва ҳозирда касалхонада эканлигини эшитиб Тошкент шаҳар онкологик диспансери томон йўл олдик. Шифохонада бизни Иброҳим ва унинг онаси Гулбаҳор опа кутиб олди.

Mover'да кўриш (tas-ix)

Youtube'да кўриш

«Худойимга шукр, ҳозирча етарли маблағ йиғилди. Ўғлим даволанишни бошлади. Навбатдаги курсни оляпти. Кимётерапия олди ва ундан кейинги муолажалар давом этмоқда. Иштаҳалари яхши. Анча кучга кириб қолди.

Саховатли инсонларга миннатдорчилик билдираман. Беэътибор қолдирмай, ёрдамларини аяшмади. Ҳозир ҳолатимиз анча яхши», – дейди Иброҳимнинг онаси қувончини яширмай.

Шундан сўнг беморнинг шифокори, Тошкент шаҳар онкологик диспансери мутахассиси Содиқ Хатамовдан Иброҳимнинг ҳолати ҳақида фикр олдик.

«Иброҳимнинг ҳолати анча яхши. Даволанишларни ўтамоқда. Иброҳимдаги касаллик суяк саратони турига мансуб. Олдинда яна кимётерапиялар бор. Уларни ўтаб бўлсин. Кейин кўрамиз, сўрилиб кетса яхши. Бўлмаса, натижага қараб иш қиламиз», – дейди болалар онкологияси мутахассиси.

Шундай вақтларда халқимизнинг ҳеч кимнинг дардига бефарқ ва беписанд нигоҳ билан қарамаслигини қўриб инсон беихтиёр кўзига ёш олади. Азизлар, қилган эҳсон амалларингиз қабул бўлсин. Зеро, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.

Мавзуга оид