11:52 / 20.03.2019
35988

Остонани Нурсултонга: Токаев Қозоғистон пойтахти номини ўзгартиришни таклиф қилди

Қозоғистон Сенати раиси Қосим-Жомарт Токаевнинг мамлакат президенти лавозимига киришиши бўйича тадбир парламент палаталари қўшма йиғилишида бўлиб ўтмоқда.

Унда Қосим-Жомарт Токаев Остона шаҳри номини Нурсултон деб ўзгартиришни таклиф қилди.

Фото: Sputnik/РИА «Новости»

«Бизнинг буюк замондошимиз - Қозоғистон Республикаси Биринчи Президенти Нурсултон Абишевич Назарбоевнинг номини қуйидаги тарзда абадийлаштириш керак: бизнинг пойтахт Президентимиз номини олиши ҳамда Нурсултон деб аталиши лозим. Шуни қўшимча қилмоқчиманки, бундай таклиф 2016 йил 23 ноябрида Қозоғистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан қабул қилинган декларацияда парламентарийлар томонидан илгари сурилган», - деди Токаев президент лавозимига киришганидан сўнг.

Бундан ташқари, Токаев Назарбоевни давлатда мавжуд бўлган барча юксак унвонлар билан тақдирлашни таклиф қилди.

Шунингдек, Токаевнинг фикрича, Назарбоевга «фахрий сенатор» мақомини бериш, Қозоғистон биринчи президентининг барча суратлари эса давлат идораларида мажбурий тарзда осиб қўйилиши лозим.

Top